Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сунъий интеллектдан қандай фойдаланилади?
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ходимлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учун “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш” мавзусида икки кунлик тренинг ўтказилди.
Омбудсман, Адлия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси экспертлари ҳам жалб этилди.
Омбудсман Феруза Эшматова сунъий интеллект технологиялари турли соҳалар қатори инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига ҳам тобора чуқур кириб бораётганини қайд этди. Катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, ҳужжатлар билан ишлаш, мурожаатларни тизимлаштириш ва ахборотни тезкор қайта ишлаш каби имкониятлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, сунъий интеллектдан фойдаланиш шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, камситишга олиб келувчи алгоритмик қарорлар, ахборот хавфсизлиги, шаффофлик ва инсон назоратини таъминлаш каби қатор ҳуқуқий ва ахлоқий масалаларни ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда. Шу боис, ушбу технологиялардан фойдаланишда инсон ҳуқуқларига асосланган ва масъулиятли ёндашув муҳим аҳамият касб этади.

Семинар давомида иштирокчилар учун сунъий интеллект асослари ва унинг инсон ҳуқуқларига таъсири, сунъий интеллект ва халқаро инсон ҳуқуқлари стандартлари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида ишлашда сунъий интеллект тизимларига самарали сўровлар – промптлар бериш бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди.
Хусусан, иштирокчилар сунъий интеллектга асосланган восита ёки қарорни амалиётга жорий этишдан олдин унинг инсон ҳуқуқларига эҳтимолий ижобий ва салбий таъсирини баҳолаш, хавфларни олдиндан аниқлаш ва уларни камайтириш механизмлари билан танишдилар. Амалий машғулотларда ушбу ёндашувларни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Тренинг давомида БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва Марказий Осиё бўйича Истанбул минтақавий маркази вакили Айнура Беккоенова, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Ўзбекистондаги вакили Омер Фишер, шунингдек, халқаро экспертлар Дэвид Марк ва Миндия Вашакмадзе иштирокчиларга сунъий интеллектдан кундалик профессионал фаолиятда самарали ва масъулиятли фойдаланиш бўйича назарий билим ва амалий тавсиялар берди.
Савол-жавоблар, амалий топшириқлар ва ўзаро фикр алмашиш шаклида ташкил этилган тадбирда сунъий интеллект инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда мутахассис ўрнини босувчи эмас, балки унинг таҳлилий имкониятларини кенгайтирувчи восита сифатида қўлланилиши, бунда якуний қарор ва масъулият инсон зиммасида қолиши муҳимлигига эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА