Инсон ҳуқуқлари бўйича тажриба алмашилди
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш муҳим масалалардан биридир. Шу боис юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти, унинг миллий ва халқаро ҳуқуқий нормалар доирасида иш олиб бораётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Польшанинг Варшава шаҳрига қилган амалий ташрифи доирасида Польша Омбудсмани Марчин Вёнцек билан учрашди.

— Ўзбекистон ва Польша Омбудсманлари самимий суҳбат давомида ўзаро тажриба алмашдилар, — дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот котиби Фотима Мадраҳимова. — Омбудсманлар ваколатлари бўйича кўплаб ўхшашликлар бор экан. Масалан, ҳар иккала Омбудсманда ҳам фуқаролар манфаатида судга даъво аризаси киритиш ҳуқуқи мавжуд. Шунингдек, учрашувда Миллий превентив механизм доирасида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга амалга ошириладиган мониторинг ташрифлари бўйича фикр алмашилди. Омбудсман Феруза Эшматова ўтган йиллар давомида инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг ҳуқуқий мақоми мунтазам такомиллашиб боргани, унинг фаолият қамрови ва ваколатлари кенгайгани, инсон ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсманга берилган янги таъсирчан чоралар ҳақида тўхталди.
Мулоқот якунларига кўра, ҳар иккала давлат фуқаролари мурожаатларини кўриб чиқишда Омбудсманлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга келишиб олинди. Таъкидлаш жоизки, бу каби учрашувлар, албатта, Омбудсман фаолиятининг самарадорлигини янада оширишда муҳим ўрин тутади.
М.Комилова, ЎзА