Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида
Пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Tong yulduzi” ва “Класс!” республика болалар нашрлари таҳририятлари ҳамкорлигида ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан ташкил этилган танловга 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида старт берилган эди.
Ўтган вақт ичида ёш ижодкорларлар томонидан ҳар икки газета таҳририятларига 200 дан ортиқ материал ва ижодий иш келиб тушди. Мазкур ижодий ишлар таҳлили ёш ижодкорларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасига қизиқишини яққол намоён этиш билан бирга, ҳар бир навқирон иштирокчининг танловга тақдим этган ижод намунаси ўзига хослиги ва бетакрорлиги билан ажралиб туришини кўрсатди.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурида мазкур танловни мамлакат миқёсида ўтказиш вазифаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) зиммасига юклатилганини қайд этди.
[gallery-14863]
Эътироф этилганидек, танловга келиб тушган аксарият ижодий асарларда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Бош қомусимиз нормаларининг болалар ҳаётида тутган ўрни ҳамда аҳамияти очиб берилган. Айниқса, танлов ғолибларининг ижодий ишлари қизиқарли услубларда ва нафис иқтидор билан яратилгани диққатга сазовор.
Танловда “Энг яхши мақола ва иншо”, “Энг яхши шеър”, “Энг яхши расм”, “Энг яхши видео ролик” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.
Танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Камола Юсупова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА