“Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси: Янги Ўзбекистонда инсон қадри, эркинлик ва адолат устуворлиги сари муҳим қадам
Бугун мамлакатимизда кечаётган шиддатли ва туб ислоҳотларнинг марказида ягона бир ғоя – “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил устувор бўлиб турибди. Бу тамойил шунчаки қуруқ шиор ёки назарий концепция эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминловчи, давлат сиёсати ва қонунчилик амалиётининг бош мезонига айланган ҳаётий ҳақиқатдир.
Жумладан, мамлакатимизда амалга оширилган энг муҳим ва тарихий воқеа, шубҳасиз, умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлди. Бу жараён шунчаки Бош қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни тубдан янги босқичга олиб чиққан ҳуқуқий ва ижтимоий бурилиш нуқтаси бўлди.
Янгиланган Конституциямизда илк бор Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий ва ўзгармас тарзда мустаҳкамланди. Мамлакат тарихида илк бор асосий қонунда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид нормалар сони 3 баравардан зиёдга кўпайди. Хусусан, инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, уларни камситишга ҳеч бир асос йўқлиги қатъий муҳрланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди.

Давлат органлари ва фуқаро ўртасида юзага келадиган ҳар қандай ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши ҳамда ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик тамойилига асосланиши кафолатланди. Бу қоидалар давлат идораларининг масъулиятини ошириш билан бирга, инсонга меъёридан ортиқ мажбурлов чоралари қўлланилишининг олдини олувчи мустаҳкам ҳуқуқий қалқонга айланди.
Шу билан бирга, Конституцияда шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар кафолати энг илғор халқаро стандартларга мослаштирилди. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туришга йўл қўйилмаслиги, инсон эркинлигини чеклашга фақат суд орқали эришилиши ҳамда гумонланувчи ва айбланувчиларнинг “сукут сақлаш” ҳуқуқи мустаҳкамланди. Буларнинг бари “Инсон қадри учун” тамойили шунчаки шиор эмас, балки қонунчилигимиз ва давлат идоралари фаолиятининг бош мезони эканини амалда исботлайди.
Шунингдек, кўплаб расмиятчилик, юзакилик ва бюрократик тўсиқлар ўрнини бугун очиқлик, шаффофлик, жамоатчилик назорати ва халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот эгаллади. Мисол учун, сўнгги 8-9 йилда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида туб бурилиш ясалди. Хусусан, Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси ташкил этилиб, “давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган принципиал янги тизимга асос солинди. Прописка тизими ислоҳ қилиниб, аҳолига мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқи тўлиқ қайтарилди.
Шу ўринда, инсон шаъни ва эркинлигини ҳимоя қилишда бир нечта тарихий ва ижобий натижаларни алоҳида таъкидлаш зарур. Жумладан, мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилгани, мамлакатимизда узоқ йиллар давомида тизимли муаммо бўлиб келган мажбурий меҳнатга, хусусан, пахта йиғим-теримида болалар ва бюджет ташкилотлари ходимлари меҳнатидан фойдаланишга бутунлай барҳам берилди. Бу тарихий ютуқ Халқаро меҳнат ташкилоти ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан тўлиқ эътироф этилиб, Ўзбекистонга нисбатан қўлланилган “пахта бойкоти” бекор қилинди.
Қолаверса, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган фундаментал ислоҳотлар натижасида судлар илгаригидек шунчаки жазоловчи ёки айблов хулосаларини тасдиқловчи орган эмас, балки инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи мустақил тузилмага айланди. Судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, судьяликка номзодларни танлаш тизими очиқ ва шаффоф шаклга келтирилди. Бунинг амалий ифодаси сифатида, илгари учрамайдиган даражадаги кўрсаткич – охирги йилларда минглаб фуқароларга нисбатан оқлов ҳукмларининг чиқарилгани ва ноҳақ айбланган шахсларнинг тўлиқ реабилитация қилингани одил судловга бўлган халқ ишончини қайтарди.
Шу билан бирга, тергов ва суд жараёнларида инсон шаъни ҳамда қадр-қимматини камситувчи усулларга қарши кескин чекловлар ўрнатилди. Судларда ноқонуний йўл билан олинган далилларни яроқсиз деб топиш амалиёти қатъий белгиланди ва жазони ижро этиш муассасаларида инсонпарварлик тамойиллари кенг жорий этилди. Ишларни судларда кўришда ваколатларнинг аниқ ажратилиши, одил судловнинг очиқлик, ошкоралик ва тортишувчанлик тамойиллари асосида, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилаётгани юртимизда қонун устуворлиги ва адолат тушунчалари реал ҳақиқатга айланаётганининг ёрқин исботидир.
Умуман олганда, Конституциявий ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, Бош қонунимизнинг устуворлигини амалда таъминлаш ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини муҳофаза қилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди алоҳида ўрин тутади. Янгиланган Конституцияга мувофиқ, илк бор оддий фуқаролар ва юридик шахсларга, агар муайян қонун уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бузмоқда деб ҳисобласа ва судда барча бошқа ҳимоя воситалари тугаган бўлса, Конституциявий судга тўғридан-тўғри шикоят киритиш ҳуқуқи берилди. Бу миллий ҳуқуқ тизимимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги муҳим қадам бўлди.
Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон лойиҳаси юқорида қайд этилган конституциявий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилади. Унда шахс қадр-қиммати, турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг муҳим шарти сифатида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий вазифалари белгиланган. Ҳужжат доирасида Стратегиянинг ўзи, уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламентини тасдиқлаш назарда тутилган бўлиб, у 12 бобдан иборат ҳолда соҳадаги жорий ҳолат, мақсад ва вазифалар, мониторинг қилиш ва молиявий таъминот масалаларини ўз ичига олади.
Мазкур стратегияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури аниқ кўрсаткичларга асосланган 4 та асосий устувор йўналишни қамраб олади. Булар – миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд тоифалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, инклюзив ва ижтимоий адолатли жамиятни шакллантириш, инсон ҳуқуқлари маданияти ва таълим тизимини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мажбуриятлар ижросини таъминлашдир. Шу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари янада такомиллаштирилади.
Қолаверса, ушбу фармон ва унда белгиланган вазифалар тўғридан-тўғри “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилган устувор йўналишлар ижросини таъминлашга қаратилган. Бу эса мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига ҳурматни шакллантириш, давлат ва жамият муносабатларини янги босқичга кўтариш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини янада юксалтиришда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили остида амалга оширилаётган шиддатли ва туб ислоҳотлар шунчаки ўзгаришлар мажмуи эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг стратегик қиёфасини белгиловчи муҳим тарихий бурилишдир. Конституциявий судга мурожаат қилиш институтининг жорий этилиши инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини олий даражага кўтариб, суд-ҳуқуқ тизими мустақиллигини таъминлади, оммавий бюрократик тўсиқлар ҳамда мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берди.
Мазкур ютуқларнинг мантиқий давоми сифатида ишлаб чиқилган “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси эса инсон қадр-қимматини янада юксалтириш, инклюзив ва адолатли жамиятни шакллантириш ҳамда халқаро стандартларни тўлиқ жорий этиш орқали юртимизда қонун устуворлиги ва фаровон турмуш тарзини мустаҳкам кафолатлашга хизмат қилади.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА