Иншолар кўрик танлови ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўзаро ҳамкорликда юртимиз умумтаълим мактабларининг 9, 10 ва 11-синф ўқувчилари ўртасида «Баҳорги тенгкунлик - дунё халқларининг ўзига хос байрами» мавзусида иншолар кўрик танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлади.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров танловдан кўзланган асосий мақсад истеъдодли ўқувчи ёшларни ижодий меҳнатга ундаш, ШҲТ мамлакатлари маданияти, тарихи, анъана ва қадриятларига қизиқишини ошириш, шунингдек, халқ дипломатиясининг моҳиятини тушуниш, яхши қўшничилик, миллатлараро тотувлик, цивилизациялараро ривожлантириш масалалари ҳақида дунёқарашларини кенгайтиришдан иборатлигини таъкидлади.
Мазкур танловга жами 200 га яқин иншолар бўлиб, Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари умумтаълим мактаблари ўқувчилари фаол қатнашишди.

Иншолар орасида ўзининг мазмун-моҳияти билан, танлов талабларига тўла жавоб берган иншо муаллифи танлов бўйича биринчи ўрин Фарғона вилояти, Фарғона тумани, 12-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Муштарий Эркинова ғолиба деб топилди. 2-ўринга икки ўқувчи: Навоий вилоятининг, Қизилтепа тумани, 14 мактабнинг 9-синф ўқувчиси - Гулсанам Рустамова ва Сирдарё вилояти, Гулистон тумани, 2 мактабнинг 10-А синф ўқувчиси – Феруза Раҳмонқулова ғолиб деб эълон қилинди.
3-ўринга икки ўқувчи Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани 20-мактабнинг 9-А синф ўқувчиси Маржона Абдуназарова ва Навоий вилояти, Зарафшон шаҳри, 12-мактаб ўқувчиси Меҳрибон Орипова муносиб деб топилди.
Қўшимча номинациялар бўйича ҳам совринлар ўз соҳибларига топширилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси
Марказининг ахборот хизмати