“InnoWeek-2025” – илғор ишланмалар ва ташаббуслар майдонига айланмоқда
Бугун пойтахтимиздаги “CAEx Uzbekistan” халқаро кўргазмалар марказида “InnoWeek-2025” - инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги ўз ишини бошлади.
Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг 30 га яқин давлатидан вакиллар қатнашмоқда.
Ҳафталикнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Ҳилола Умарова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари вакиллари, йирик илмий марказлар олимлари, технологик соҳа экспертлари, стартап экотизим иштирокчилари, ёш инноваторлар ва ихтирочилар иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Ҳилола Умарова сўзга чиқиб, ўтган йиллар мобайнида ҳафталик инновацион ишланмаларни намойиш этиш билан чекланиб қолмай, балки илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш, халқаро миқёсда билим ва тажриба алмашинуви ҳамда стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида муҳим платформага айланганини таъкидлади.
[gallery-25671]
–“InnoWeek-2025” мамлакатимизда илм-фан, таълим ва инновация соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир. Инновация ва илм-фан бир-биридан ажралмас тушунчалар ҳисобланади. Агар таълим тизими ижобий тарафга ўзгармаса, илмий изланишлар, уларнинг натижаларида узлуксизлик таъминланмайди. Шу боис, Ўзбекистонда таълимни тубдан ислоҳ қилиш нафақат давлат сиёсатининг устувор йўналиши, балки барқарор иқтисодий ўсиш ва технологик тараққиётнинг асосий пойдевори саналади. Президентимиз бошчилигида таълим соҳасида ҳар бир йўналишда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ бу борада ҳали қилинадиган ишлар етарли эмас. “InnoWeek-2025” ҳафталиги айнан шу мақсадларимизга хизмат қилувчи муҳим платформа. У фақат илмий-техник кўргазма эмас, бу таълим, фан ва бизнес ўртасидаги мулоқот, янгича ёндашув ва энг муҳими, илмий ғояларни ҳаётга татбиқ этиш майдони, –деди Ҳ.Умарова.
Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 апрелдаги “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни амалий жорий қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Мазкур муҳим платформада илгари сурилаётган ташаббуслар нафақат миллий инновацион экотизимни ривожлантириш, балки глобал инновацион жараёнларга фаол интеграциялашувга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, “Чегарасиз ғоялар” шиори остида ўтказилаётган бу галги VIII Инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги инновациялар йўналишида маҳаллий, халқаро янгиликлар, ихтиролар, стартаплар, ишланма ва лойиҳалар билан танишиш учун яхши имконият саналади. Унинг дастури доирасидан кўплаб тадбир ўрин олган. 15 минг квадрат метрдaн ортиқ майдонда ташкил этилaётган кўргазмада 400 га яқин инновацион лойиҳа ва ишланма намойиш этилмоқда.
Бу йил ҳафталикда йирик маҳаллий ва халқаро компаниялар, олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, венчур фондлар, молия ташкилотлари, халқаро маълумотлар базаларининг вакиллари иштирок этяпти. Жумладан, Хитой, Малайзия, Сингапур, Япония, Венгрия, Германия, Франция, Ҳиндистон, Эрон, Беларусь, Арманистон, Грузия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан вакиллар ўз имконият, тажриба ва ташаббусларини намойиш қилмоқда.
Хорижлик иштирокчилар сафида венгриялик вакиллар ҳам бор. “Nexus Solutions KFT.” рекрутинг агентлиги ижроия директори Аттила Пуштайининг сўзларига кўра, ҳафталик томонлар ўртасида танишув, мулоқот ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Ўзбекистонга илк бор келдик. Юртингизда бундай халқаро ҳафталикнинг ташкил этилиши биз учун катта имконият яратди. Биз Венгриянинг “Winergy Kft.” ва “GreenMIG Hungary Kft.” компаниялари томонидан таклиф этилаётган ташаббусларни намойиш этяпмиз. Бу биз учун илк тажриба ва муҳим қадам ҳисобланади. “InnoWeek-2025” Марказий Осиёда қурилиш ва энергетика соҳаларидаги имкониятларни ўрганиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда янги лойиҳаларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон. Биз тадбирдан катта натижалар кутяпмиз ва келгусида Ўзбекистон компаниялари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Шуни таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон билан ишончли ҳамкорликни йўлга қўйиш бизнинг устувор йўналишимиз ҳисобланади. Бу жараёнда “InnoWeek-2025” икки томонлама манфаатли ҳамкорликка кенг йўл очади, – деди Аттила Пуштайи.
Аҳамиятлиси, “InnoWeek-2025” - инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги нафақат илмий ва технологик янгиликларни намойиш этиш, балки хорижий компаниялар учун Ўзбекистон бозоридаги имкониятларни ўрганиш, шериклик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим қадам.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА