Инновациялар тараққиётга элтади
Мамлакатимизда кимё ва биология фанларини ривожлантириш, ушбу йўналишларда таълим сифати ва илм-фан натижадорлигини ошириш бу йилги Давлат дастурининг устувор вазифалари қаторида белгиланган.
Зеро, ўғил-қизларимизни кимё ва биология фанлари бўйича чуқур ўқитиш ҳудудларда янги-янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган фармацевтика, нефть, газ, кимё, тоғ-кон, озиқ-овқат саноати тармоқларини жадал ривожлантиришга туртки беради ҳамда пировардида халқимиз турмуш шароити ва даромадларини оширишга пухта замин ҳозирлайди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида Талаба ва ўқувчилар орасида кимёвий технология бўйича фан фестивали ташкил этилди.

Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиёти ҳамда ривожланиши инсон омилига, хусусан, ёш авлоднинг илмий, ижодий ва маънавий салоҳиятига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этувчи мамлакатимизда ёшлар сиёсати самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этилишича, мамлакатимиздаги иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жонлантириш, мамлакат илм-фанининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлилигини таъминлаш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда мазкур Ёшлар академиясининг “Стартаплар” , “Ғоялар генераторлари”, “Бизнес вакиллари” ва “Бўлажак академиклар” каби 4 та платформаси мавжуд.

Ҳозирги кунга қадар ҳудудлардан иқтидорли ва ташаббускор ёшлар бўйича ягона маълумотлар базасида Ёшлар академиясининг 2 минг 600 дан ортиқ аъзолари мавжуд. Ушбу платформалар аъзолари геология, биология, математика, физика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, соғлиқни сақлаш, таълим, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, дастурлаш, саноат дизайни, 3D моделлаштириш, туризм, соҳаларида ўз лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
– Ёшларни юксак ахлоқ ва интизомли қилиб тарбиялаш, уларнинг сифатли таълим олиши ва ватанпарварлик руҳида вояга етиши мамлакат иқтисодий ва сиёсий тараққиётининг калити ҳисобланади, – дейди инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ш.Турдиқулова. – Бу эса ижтимоий барқарорлик ва муваффақият асосидир. Мамлакатимизда кимё ва биология фанларини ривожлантириш, ушбу йўналишларда таълим сифати ва илм-фан натижадорлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор вазифалари қаторида белгиланган. Алоҳида қайд этишим лозимки, инновациялар тараққиётга элтади.

Тадбирда талаба ва ўқувчилар орасида кимёвий технология бўйича фан фестивали доирасида ўтказилган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган ёшларга Ёшлар академиясининг аъзолик сертификатлари топширилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА