Инновацион тиббиёт ва халқаро ҳамкорлик
Сўнгги йилларда мамлакатимизда онкологик касалликларни барвақт аниқлаш ва уларни даволашда дунё тиббиётининг энг илғор ютуқларини амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, хорижнинг етакчи тиббиёт марказлари ва инновацион компаниялари билан йўлга қўйилаётган тўғридан-тўғри ҳамкорлик маҳаллий олимларимизнинг салоҳиятини ошириш билан бир қаторда, беморларнинг тезроқ соғайиб, соғлом ҳаётга қайтишига хизмат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига (РИО ва РИАТМ) АҚШнинг машҳур «AVERTO Medical» компанияси мутахассисларининг ташрифи юртимиз соғлиқни сақлаш тизими учун муҳим воқелик бўлди.
Ушбу ташриф икки томон ўртасида изчил давом этаётган CLN0002-сонли халқаро клиник тадқиқотнинг навбатдаги муҳим босқичи сифатида ташкил этилди. Тадқиқот доирасида Марказда америкалик экспертлар билан биргаликда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди ва эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилинди.
Мазкур халқаро лойиҳа тиббиёт дунёсида катта умид уйғотаётган «ColoSeal™ ICD» тиббий қурилмасининг хавфсизлиги ва клиник амалиётдаги самарадорлигини баҳолашга қаратилган бўлиб, айни пайтда Марказнинг колопроктология жарроҳлиги бўлимида муваффақиятли олиб борилмоқда. Лойиҳанинг бош мақсади — инсоният учун жиддий муаммолардан бири бўлган тўғри ичак ўсмаларини жарроҳлик йўли билан даволашда энг замонавий, кам шикаст етказадиган ва самарали технологияларни тиббиётимизга татбиқ этишдан иборат.
«ColoSeal™ ICD» қурилмасининг тиббий аҳамияти шундаки, у бемор ҳаётини тубдан енгиллаштириш хусусиятига эга. Анъанавий тиббиётда айрим мураккаб вазиятларда беморларда икки босқичли жарроҳлик амалиётини ўтказиш ва уларга вақтинчалик (профилактик) стома қўйиш талаб этиларди. Мазкур инновацион қурилма эса операцияни бир босқичнинг ўзидаёқ якунлаш имконини беради ва беморларда стома қўйиш эҳтиёжини сезиларли даражада камайтиради. Бу, ўз навбатида, операциядан кейинги тикланиш даврини қисқартиради ва беморнинг руҳий ҳамда жисмоний азобланишининг олдини олади.
Ташриф давомида АҚШлик шифокорлар ва маҳаллий мутахассислар иштирокида бевосита амалий операциялар ўтказилиб, навбатдаги беморларга «ColoSeal™ ICD» қурилмасини ўрнатиш жараёни муваффақиятли бажарилди. Жарроҳлик столи атрофида кечган жонли мулоқотлар ва маҳорат дарслари икки давлат олимлари учун ўзаро тажриба алмашиш майдонига айланди.
Рақамлар ва фактларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунга қадар РИО ва РИАТМ колопроктология жарроҳлиги бўлимида жами 41 нафар беморга ушбу ноёб тиббий қурилма ўрнатилди. Айни пайтда ҳар бир беморнинг ҳолати ва олинган натижалар халқаро тадқиқот протоколи талаблари доирасида қатъий назорат қилиниб, таҳлил этиб борилмоқда.
Мазкур йирик лойиҳанинг халқаро миқёсдаги раҳбари — «AVERTO Medical» компанияси вакили Kenton Fong ҳисобланади. Ўзбекистон томонидан эса ушбу масъулиятли тадқиқот РИО ва РИАТМ бош тадқиқотчиси Хуршид Исломов раҳбарлигида юқори профессионал даражада амалга оширилмоқда.
АҚШ билан ҳамкорликдаги ушбу халқаро лойиҳа колоректал саратонни даволашда жаҳон андозалари даражасидаги илғор технологияларни мамлакатимизга олиб киришда навбатдаги муҳим қадамдир. Бу каби изланишлар юртимиз онкологларининг амалий тажрибасини бойитиш билан бирга, Ўзбекистон фуқаролари учун энг замонавий ва юқори технологияли тиббий ёрдам сифатини янги босқичга кўтаради. Зеро, илм-фан, инновация ва халқаро ҳамкорликнинг бир нуқтада бирлашиши — инсон қадри ва беморлар саломатлигини асрашдек олий мақсадга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА