Инновацион лойиҳалар ҳафталиги
Тошкент вилоятида 23-27 май кунлари “Innowomenweek” – ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги ўтказилмоқда.
Мазкур ташаббус жойларда хотин-қизларнинг инновацион лойиҳа ва ишланмаларини жорий этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва ихтирочилик фаолиятига кенг жалб қилиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишларига кўмаклашиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган аёлларнинг фаолиятларига инновацион ёндашувни жорий қилиш мақсадида амалга ошириляпти.

Ҳафталик доирасида Тошкент давлат техника университетининг (ТДТУ) ва Миллий технологик тадқиқотлар университети (“МИСиС”)нинг Олмалиқ шаҳридаги филиалларида бўлиб ўтган мазкур форумда олима, докторант, магистрант ва талаба қизлар қатнашди. Унда иштирокчилар ўзларининг техника йўналишида олиб бораётган илмий-тадқиқот ишларининг натижалари бўйича маърузалар қилди. Форум доирасида ТДТУ Олмалиқ филиалида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон ихтирочи аёллар маркази раиси К.Норқулова, Тошкент вилояти Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси З.Мирғозиева филиалда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар билан учрашди.

Муҳандис ва дастурчи хотин-қизларнинг салмоғини ошириш, уларни саноат ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларига кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар, талаба қизлар жамиятимиздаги турли хил муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган ижтимоий лойиҳаларни ҳам таклиф этди.

Ҳафталик доирасида ўтказилган форумда муҳандис ҳамда дастурчи хотин-қизларнинг салмоғини ошириш, уларни саноат ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларига кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Форум иштирокчилари томонидан Олмалиқ шаҳрида “Устозга таъзим” челенджига старт берилди.
А.Мусаев, ЎзА.