Инновацион ечимлар муҳокама қилинди
Оролбўйи халқаро инновация марказида ҳудудда камбағалликни қисқартиришда замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси, марказ директори Бахитжан Ҳабибуллаев “Оролбўйи минтақасида камбағалликни қисқартиришда аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашнинг инновацион ечимлари” мавзусида маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Орол минтақасининг мураккаб иқлим шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишда анъанавий усуллар билан бир қаторда илғор ишланмаларни жорий этиш муҳим заруратдир. Марказ томонидан Қорақалпоғистоннинг шўрланган ер ва сув танқидчилиги шароитига мослашган, қурғоқчиликка чидамли экин турлари синовдан ўтказилмоқда. Томорқалардан самарали фойдаланиш ва уй шароитида кам харажат эвазига юқори даромад олиш имконини берувчи замонавий агротехник ечимлар татбиқ этилмоқда. Инновацион марказ томонидан эҳтиёжманд ва кам даромадли хонадонларга сертификатланган уруғликлар бепул тарқатилмоқда. Бу чора-тадбирлар томорқа майдонларидан оқилона фойдаланиш ва оилаларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ ҳудудларида бандликни таъминлаш ва томорқа хўжаликларини ривожлантириш вазифалари доирасида Б.Ҳабибуллаев томонидан ҳар бир маҳаллада инновацион намунали томорқалар ташкил этиш, иқлимга мос агротехнологияларни оммавий жорий қилиш, генбанк ва биотехнологиялар асосида янги навларни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшлар учун "яшил" тадбиркорликни ривожлантириш, рақамли агромаслаҳат хизматларини йўлга қўйиш, халқаро инвестициялар ва грантларни кенг жалб қилиш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш каби 7 та устувор таклиф илгари сурилди.

Муҳокамаларда Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари ҳамда туман партия кенгашлари раислари сўзга чиқиб, билдирилган таклифларни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.
Кун тартибига қўйилган масала юзасидан партия депутатлари ўз сайлов округлари ҳудудларида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида Б. Ҳабибуллаевнинг камбағалликни қисқартириш бўйича илмий ишланмалари ва инновацион ечимларини кенг тарғиб қилиш, инновацион агротехнологияларнинг жорий этилиши ва уларнинг самарадорлиги устидан тизимли депутатлик назоратини йўлга қўйиш ва мавжуд муаммоларни ўрганиб, тегишли масъул ташкилотларга депутатлик сўровларини киритиб бориш тўғрисида Жўқорғи Кенгесдаги партия фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири