35 йилга — 35 кўчат
Дарахт — табиатнинг оддий бир неъмати эмас. У инсон нафас оладиган ҳавони тозалайди, иқлимни юмшатади, тупроқни асрайди ва энг муҳими, келажак авлодга қолдириладиган тирик меросдир.
Айниқса, минг йиллик тарих ва бетакрор меъморий қиёфага эга Бухоро сингари қадимий шаҳарда яшил ҳудудларни кенгайтиришнинг аҳамияти янада катта. Тарихий обидалар билан уйғун яшил маконлар шаҳарнинг нафақат экологик ҳолатини яхшилайди, балки унинг жозибасини ҳам оширади. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро шаҳрининг қадимий Эски шаҳар ҳудудида ташкил этилган “35 йилга — 35 кўчат” акцияси чуқур рамзий маънога эга бўлди.
Акция доирасида Республика Ўрмон хўжалиги агентлиги, вилоят Экология бош бошқармаси раҳбарияти ва ходимлари иштирокида Эски шаҳар ҳудудига жами 35 туп манзарали дарахт кўчати экилди. Айлант, чинор, гужум ва япон сафораси каби дарахт турларининг танлангани эса ҳудудни янада кўкаламзорлаштириш, унинг экологик ҳолатини яхшилаш ва эстетик қиёфасини бойитишга хизмат қилади.
35 йиллик улуғ айёмга бағишланган 35 туп кўчат — оддий рақамлар уйғунлиги эмас. Ҳар бир ниҳол — мустақиллик йилларининг бир рамзи, келажакка қаратилган бир эзгу ният, яшил ва обод Бухорога қўйилган яна бир қадамдир.

Бугун мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, дарахтзорларни кўпайтириш ва аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кенг қулоч ёзиб, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахт экиш ва уларни асраб-авайлаш ишлари тизимли тус олди. Бу ташаббуснинг моҳияти фақат кўчат экиш билан чекланмайди. Асосий мақсад — шаҳар ва қишлоқларда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш ва аҳоли учун соғлом ҳаёт муҳитини яратишдир. Бухорода ўтказилаётган ана шундай акциялар ҳам давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Яшил макон” ғоясининг амалий ифодасидир.
Кўчатни ерга қадалган бир ниҳол дебгина қараш мумкин эмас. Унинг ортида меҳнат, эътибор ва масъулият туради. Айни кунларда ҳаво ҳароратининг юқорилиги сабабли экилган кўчатларни парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарахтлар илдиз тизими ва тупроғи билан бирга кўчириб экилган бўлиб, уларнинг яхши тутиб кетиши учун мунтазам равишда суғориш ва парваришлаш ишлари амалга оширилмоқда. Зеро, кўчат экиш — бир кунлик тадбир, уни дарахтга айлантириш эса йиллар давом этадиган меҳнатдир.

Бугунги эътибор ва ғамхўрлик эртага соя-салқинлик, мусаффо ҳаво ва гўзал манзара сифатида ўз самарасини беради.
Эски шаҳар — Бухоронинг юраги. Бу ерда асрлар нафаси, аждодлар хотираси ва бетакрор меъморий муҳит уйғунлашган. Эндиликда бу қадимий манзарага яшиллик ҳам янада кўрк бағишламоқда. Тарихий обидалар атрофидаги ободонлаштирилган ва кўкаламзор ҳудудлар шаҳарнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш билан бирга, аҳоли ва меҳмонлар учун янада қулай муҳит яратади.
Бугун қадимий Бухоро кўчаларида қад ростлаётган ҳар бир дарахт эртанги кун манзарасининг бир қисмига айланади. Балким, бугун экилган чинорни йиллар ўтиб бир бола соясида китоб ўқиб ўтирар. Балким, япон сафораси ёнидан сайёҳлар ўтиб, Бухоронинг нафақат тарихий, балки экологик қиёфасига ҳам маҳлиё бўлар. Дарахтнинг энг катта мўъжизаси ҳам шунда — у бугун экилади, аммо унинг энг гўзал меваси келажакка тегишли бўлади. Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур акциянинг энг таъсирчан жиҳати ҳам ана шунда.
35 туп кўчат бугун ерга қадалди. Улар келажакда болаларга соя, шаҳарга файз, табиатга наф ва инсонларга мусаффо ҳаво бағишлайди. Шу маънода “35 йилга — 35 кўчат” акцияси мустақиллик байрамига бағишланган оддий тадбир эмас, балки келажак авлодга йўлланган эзгу тилакнинг тирик тимсолидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири