Инклюзив туризмни ривожлантириш ва тўсиқсиз муҳит яратиш масалалари муҳокама этилди
Навоий вилоятида сайёҳлар учун туризм хизматларини қулай ва хавфсиз ташкил этиш, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг туристик инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга бағишланган семинар ташкил этилди.
Унда вилоятдаги туризм соҳаси вакиллари, музей ходимлари, меҳмонхоналар мутахассислари, туроператорлар, гидлар ҳамда Навоий давлат университети талабалари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Навоий вилояти ўзининг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, зиёратгоҳлари ва бетакрор табиий масканлари билан улкан туристик салоҳиятга эга. Ушбу имкониятларни кенг тарғиб этиш билан бирга, сайёҳлар учун қулай ва хавфсиз шароитларни яратиш ҳудуд туризмини барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Ҳозирда туризм соҳасида инклюзив ёндашувни кенгайтириш, туристик инфратузилмани такомиллаштириш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги “Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар, шунингдек, туризм объектларини санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига мувофиқ ташкил этиш масалалари хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, инклюзив туризмни ривожлантириш, туристик объектларда тўсиқсиз муҳит яратиш, хизматлар сифатини ошириш ва саёҳат давомида хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
– Тадбирда Навоий вилоятидаги туризм инфратузилмаси объектларида олиб борилган ўрганишлар натижалари ҳам муҳокама қилинди, – дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Худойбердиева. – Ўрганишлар давомида аэропорт, темир йўл вокзали, тарихий-маданий мерос объектлари ва меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар, пандуслар ва тутқичлар, махсус санитария хоналари, ахборот-кўрсаткич белгилари, ногиронлик аравачалари ҳамда автотураргоҳлардаги махсус жойлар масалаларига эътибор қаратилган.
Семинар давомида меҳмонхона ходимлари, туроператорлар ва гидлар учун сайёҳларнинг индивидуал эҳтиёжларини инобатга олиш, экскурсия йўналишларини қулай ташкил этиш, меҳмонларга ҳурмат ва эътибор билан хизмат кўрсатиш ҳамда фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Музей ходимлари билан тарихий-маданий мерос объектларида ташриф буюрувчилар учун қулай муҳит яратиш, ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва маданий бойликларни барча тоифадаги сайёҳлар учун очиқ қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Навоий давлат университети талабаларига эса инклюзив туризмнинг замонавий туризм тизимидаги ўрни, инсон қадр-қиммати ва тенг имкониятлар тамойилларининг аҳамияти тушунтирилди.
[gallery-31998]
Семинар якунида иштирокчилар ўртасида тажриба алмашилиб, туристик хизматларни янада такомиллаштириш, тўсиқсиз муҳитни ривожлантириш ва барча сайёҳлар учун муносиб шароитлар яратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари