Инклюзив таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Европа, Осиё ва Тинч океани минтақасида билим ва инновациялар алмашинуви (KIX) марказининг “Таълимда глобал ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда инклюзив таълим тизимини самарали ташкил этилиши ҳамда ривожланиши борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ва тажриба алмашиш мақсадида юртимизга Грузия, Қирғизистон, Молдова ва Тожикистон давлатларидан мутахассислар ташриф буюрди.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда инклюзив таълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шунингдек, 2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунга илк бор инклюзив (уйғунлашган) таълим тушунчаси киритилди. Жараёнда юртимиз умумтаълим мактабларида инклюзив таълимни жорий этиш режаси белгилаб олинди. Унга кўра, 2025 йилгача алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болаларнинг 40 фоизи одатий мактабларга жалб қилиниши кўзда тутилган.
Инклюзив таълим тушунчаси ҳақида тўхталадиган бўлсак, “инклюзив” сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, “уйғунлашмоқ”, “қамраб олмоқ”, “ногирон ва соғлом болалар ўртасидаги тўсиқларни бартараф этиш” маъноларини билдиради. Инклюзив таълим – бу давлат сиёсати бўлиб, ногирон ёки бошқа сабаблар туфайли махсус ёрдамга муҳтож, касалланган болалар учун мослашувчан ва индивидуаллашган ёрдам тизими ҳамда барча болаларни тенг кўришни кўзда тутадиган таълим туридир. Бунда ривожланишида учрайдиган нуқсонлар ва иқтисодий қийинчиликлардан қатъи назар, имконияти чекланган болалар ижтимоий ҳаётга мослаштиришга йўналтирилган ўқув жараёнига жалб этилади.
“Таълимда глобал ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида юртимизга ташриф буюрган мутахассислар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 134-умумтаълим мактабида бўлиб, инклюзив синфларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга дарс машғулотлари ўтилиши жараёнини ўрганди. Шунингдек, тадбир давомида Тошкент шаҳрида жойлашган 55-, 70-, 290- ва 324-мактабларнинг инклюзив синфларида дарс бераётган амалиётчи ўқитувчилар билан бевосита фикр алмашилди.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказига ташриф буюриб, инклюзив таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
[gallery-13948]
Камола Юсупова,
Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА