“INFOLIB UZBEKISTAN-2023” XII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги олдидан матбуот анжумани ўтказилди
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан жорий йилнинг 23-27 октябрь кунлари “INFOLIB UZBEKISTAN-2023” XII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ўтказилиши белгиланган бўлиб, ушбу тадбир олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Мамлакатимиз ахборот-кутубхона соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига ахборот олиш манбаи, шакл ва методларини етказиш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига хизмат кўрсатиш, китобхонлик ва китоб мутолаасини тарғиб қилиш, ёшларни кутубхоналарга жалб қилиш, соҳа мутахассисларини замонавий, илмий-методик ишланмалар билан таништириш мақсадида ташкил этилаётган ҳафталик доирасида қатор маънавий-маърифий тадбирлар, семинарлар, давра суҳбатлари, танлов ва тренинглар, маҳорат дарслари, китоб кўргазмалари, ярмаркалар, таниқли фан ва маданият намояндалари, санъаткор ва ижодкорлар иштирокида ижодий учрашувлар, театрлаштирилган чиқишлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Ҳафталик доирасидаги асосий тадбирлардан бири – “Янги Ўзбекистон кутубхоначилари – янги куч, янги имкониятлар, янги марралар” мавзуидаги ёш кутубхоначилар форумида иштирок этиш учун турли тизимлар ва идоралар кутубхоналарининг 35 ёшгача бўлган ёш мутахассислари, маданият муассасалари ва олий ўқув юртларининг ахборот-кутубхона мутахассислиги бўйича таълим бераётган ёш ўқитувчи ва аспирантлари, ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари ва ёш мутахассислари таклиф этилган.
[gallery-14133]
Аввалги форум иштирокчиларининг қизиқиш ва таклифларидан келиб чиқиб, бу йил форум доирасида қўшни мамлакатлар кутубхоналарининг ижобий тажрибасини ўрганишга бағишланган суҳбатлар, ёш кутубхоначи мутахассислар иштирокида касбий ривожланишга доир мулоқотлар, кутубхоначилик соҳасида ахборот технологиялари янгиликлари, кутубхона менежментига оид семинар-тренинглар, психологик маслаҳатлар, муваффақиятга эришиш сирлари, суратга олиш ва тушиш маҳорати бўйича давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳафталик бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларида ўтказилади.
Камола Юсупова,
Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА