Индонезияда Имом Бухорий номидаги масжид очилди
Жорий йил 9 апрель куни муқаддас Рамазон ойи арафасида жума куни Индонезиянинг Чианжур шаҳрида Имом Бухорий номидаги масжид очилди. Масжид ўзбек меъморчилик услубида барпо этилган.
Масжид Гунадарм университетининг архитектура факультети профессор ва талабалари чизмалари асосида қурилди. Улар Ўзбекистондаги ислом меъморчилиги анъаналарини ўрганиш мақсадида 2020 йил март ойида юртимизга ташриф буюришган эди.
Аввал хабар қилинганидек, хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари суриш бўйича кенг кўламли тадбирлар ҳамда зиёрат ва таълим туризми доирасида Жакартадаги Ўзбекистон элчихонаси Индонезиянинг Гунадарм университетида таҳсил олаётган 200 нафар талаба учун 2020 йил 4 мартдан 18 мартга қадар Ўзбекистонга ташриф уюштирган эди.


Ушбу ўқув лойиҳа «Ипак йўли” халқаро сайёҳлик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро давлат университети ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилди. Индонезиялик профессор ва талабалар Бухоро, Самарқанд ва Тошкентнинг тарихий меъморчилигини ўрганди. Ташриф якунида Ўзбекистоннинг тарихий биноларини қуриш услубларини Индонезияга жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бир йил ўтиб, бутун дунёда давом этаётган коронавирус пандемиясига қарамай, ўзбек миллий услубидаги масжид тўла қуриб битказилди. Лойиҳани Гунадарм университети молиялаштирди.


Масжиднинг очилиш маросимида Индонезиядаги мамлакатимиз элчихонаси ходимлари, Чианджур губернатори, Индонезия жамоат арбоблари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қуръон тиловат қилинди ва жума намози ўқилди.


Мамлакатимиз элчихонаси ходимлари янги масжидни безаш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказидан олинган Усмон Мусҳафи, Ҳазрати Имом ва Имом Бухорий мажмуаларининг деворий расмларини тақдим этишди.
ЎзА