Имтиёзлар самараси: ўсимлик ёғининг нархи ошмайди
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш унинг захираларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида бирламчи эҳтиёж озиқ-овқат товарларидан ўсимлик ёғи импортига имтиёзлар берилди. Ҳозирда импорт қилинаётган ўсимлик ёғи учун божхона тўловлари бекор қилинган. Бу эса ўз навбатида ўсимлик ёғи танқислиги ва унинг нархи кўтарилишини олдини олишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган икки ойи давомида Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан жами 15 партиядаги умумий қиймати 1 миллион 680 минг долларлик ўсимлик ёғи импорт божхона режимига расмийлаштирилди. Мазкур товарлар асосан Қозоғистон ва Россия давлатларидан импорт қилинди. Амалдаги тартибларга кўра божхона тўловларидан 5,5 миллиард сўм имтиёзлар қўлланилди. Тадбиркорлар томонидан бошқарманинг “Қиргули”, “Қўқон” ва “Марғилон” ташқи иқтисодий фаолияти божхона постларига товарларни импортга расмийлаштириш бўйича мурожаат қилинган.
2021 йилда умумий қиймати 18,7 миллион долларлик 13,4 минг тонна ўсимлик ёғи импорт қилинган. 245 та партиядаги товарлар 15 нафар тадбиркорлар томонидан Қозоғистон, Туркия ва Россия давлатларидан импорт қилинган. Импорт қилинган ўсимлик ёғи товарларига жами 26 миллиард сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Фарғона вилоятида фаолият юритаётган “Avangard exim” масъулияти чекланган жамияти озиқ-овқат товарларининг экспорти ҳамда импорти билан шуғулланади. Унинг асосий фаолият турларидан бири бу Қозоғистон Республикасидан ўсимлик ёғини импорт қилиш ва аҳолини арзон ва сифатли ёғ маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат. Мазкур тадбиркор ёғ маҳсулотларини импорти билан деярли беш йилдан буён шуғулланиб, вилоятда озиқ-овқат захираларини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Тадбиркор томонидан импорт қилинаётган ёғ маҳсулотлари Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Қиргули” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан тез ва сифатли расмийлаштириб келинмоқда. Тадбиркор амалдаги тартибларга риоя этган ҳолда фаолият юритаётганлиги сабабли ҳозирда хавф профилларига асосан “яшил” йўлакда фаолият юритмоқда.
–Божхона назорати ва расмийлаштирув жараёнларида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тўлиқ риоя этганлигимиз сабабли корхонамиз ҳозирда “яшил” йўлакда фаолият олиб бормоқда. Бу эса бизга ёғ маҳсулотларини импорт қилишда расмийлаштириш жараёнларини тез ва сифатли амалга ошириш имконини бермоқда. Ёғ маҳсулотлари импортига берилаётган имтиёзлар натижасида жорий йил давомида Қозоғистондан импорт қилинган 250 тоннадан зиёд ёғ маҳсулотларимизга божхона тўловларидан 650 миллион сўмлик имтиёзлар қўлланилди. Бунинг натижасида ёғ маҳсулотларининг нархи ошиши ва танқислигининг олдини олишга хизмат қилмоқда, – дейди тадбиркор Шуҳрат Турдалиев.
М.Сулаймонов, ЎзА