Имконияти чекланган талабгорлар учун чет тили имтиҳонига рухсатномалар тақдим этилди
Кўзи ожиз, гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган, шунингдек, ёзиш имконияти чекланган талабгорлар учун чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовларига рухсатномалар тақдим этилди.
Мазкур тоифадаги талабгорлар учун чет тилини билиш даражасини аниқлашга қаратилган тест синовлари 2026 йил 17 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Тест синовида иштирок этадиган талабгорлар имтиҳон ўтказиладиган жой ва аниқ вақт ҳақидаги маълумотларни рухсатномадан билиб олишлари мумкин. Рухсатномани олиш учун my.gov.uz сайтидаги “Менинг аризаларим” бўлимига кириш ва тегишли ҳужжатни юклаб олиш мумкин.
Талабгорлардан имтиҳон бошланишидан камида 30 дақиқа олдин белгиланган жойда бўлиш сўралмоқда. Бунда шахсни тасдиқловчи ҳужжат — паспорт ёки ID-картани ўзи билан олиб келиш зарур. Имтиҳон жараёнида белгиланган вақтга риоя қилиш ва зарур ҳужжатларни унутмаслик талабгорларнинг тест синовида ўз вақтида иштирок этишини таъминлайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА