Илму фанга бахшида умр (+видео)
Рустам Сулаймонов ҳаётини илму фанга, археология ва тарихнинг чуқур сирларини ўрганишга бағишлаган олим. Унинг илмий изланишлари Ўзбекистон тарихининг энг қадимги даврларини қамраб олади.
Илмий фаолияти давомида у кўплаб ёдгорликларда тадқиқот ишларини олиб борди. Палеолит даврига оид Обираҳмат ғори, қадимги Нахшаб воҳасининг пойтахти бўлган Ерқўрғон шаҳар харобаларидаги илмий изланишлари Ўзбекистон ва бутун Ўрта Осиё тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлди.
Бугун ушбу олим 85 ёшда бўлса-да, ҳамон изланишда. Ер қаърига кўмилган минг йиллик тарихни ўрганиш, шогирдларига тўплаган билим ва тажрибаларини ўргатиш билан машғул.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lVRLiHZGemk" title="Ilmu fanga baxshida umr" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Рустам Сулаймоновнинг 85-йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилган “Ўрта Осиё моддий маданияти тарихи” мавзусидаги халқаро анжуманда олимнинг ҳамкасблари меҳрибон ва талабчан устоз сифатида эътироф этишди.
Ушбу анжуманда Россия, Польша, Хитой, Франция, Қирғизистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби кўплаб хорижий мамлакатлар олимлари иштирок этди. Халқаро анжуман доирасида Ўрта Осиё археологиясининг турли давр ва муаммолари, моддий маданияти тарихи масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.
Нигора Раҳмонова, Дониёр Ёқубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА