Илмий юксалишнинг янги саҳифаси
Илм-фан бугун институт деворлари билан чегараланадиган жараён эмас. Унинг ҳақиқий қиймати янги ғояларнинг дарсхоналарга кириб бориши, ўқитувчи фаолиятида ўз самарасини бериши ва энг муҳими, талаба таълимида амалий натижага айланиши билан ўлчанади. Замонавий олий таълим муассасасининг нуфузи ҳам айнан унинг илмий салоҳияти, инновацион ёндашувлари ҳамда яратилаётган ишланмаларнинг амалий аҳамияти орқали баҳоланади.

Шу маънода, Гулистон давлат педагогика институтида 2025–2026 ўқув йили давомида амалга оширилган илмий фаолият нафақат статистик кўрсаткичлари, балки таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган аниқ натижалари билан ҳам эътиборга лойиқ.
Олийгоҳда фаолият юритаётган 138 нафар профессор-ўқитувчининг деярли барчаси илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётгани, илмий салоҳият даражаси 43,7 фоизга етгани тасодифий натижа эмас. Бу кўрсаткич ортида илмий фаолиятни тизимли ташкил этиш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илм-фанни амалиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган изчил сиёсат мужассам.
Энг муҳими, институтдаги илмий изланишлар биргина тор йўналиш билан чекланиб қолмаяпти. Ҳар бир кафедра профессор-ўқитувчилари ўз илмий йўналишлари асосида тадқиқотлар олиб бораётган бўлсалар-да, уларни ягона мақсад — таълим сифатини ошириш, замонавий педагогик ёндашувларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга самарали жорий этиш ғояси бирлаштириб турибди.
Бугунги кунда рақамли педагогика, сунъий интеллект технологиялари, STEAM таълими, инклюзив таълим, замонавий методикалар ҳамда инновацион ўқитиш технологиялари институт илмий тадқиқотларининг энг долзарб йўналишларига айланган.
Илмий фаолият самарадорлиги фақат чоп этилган мақолалар билан эмас, балки ҳимоя қилинган диссертациялар ва илмий даражалар билан ҳам намоён бўлади. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида 12 нафар профессор-ўқитувчи PhD илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилди. Шунингдек, 11 нафар изланувчи Олий аттестация комиссиясининг PhD дипломини қўлга киритди, 9 нафар ўқитувчи доцент, 4 нафари эса профессор илмий унвонига сазовор бўлди.
Йил якунига қадар яна 8 та PhD ва 4 та DSc диссертациясининг муваффақиятли ҳимоя қилиниши кутилмоқда. Бу эса институтда мустақил илмий мактаблар шаклланиб, тадқиқотчилик муҳити тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Бироқ илмнинг ҳақиқий қиймати ҳимоя қилинган диссертациялар сони билан эмас, балки уларнинг амалиётга татбиқ этилиши ва жамиятга келтираётган фойдаси билан белгиланади. Шу жиҳатдан институт олимлари томонидан олиб борилаётган тадқиқотларнинг мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида тажриба-синовдан ўтказилаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Кафедра филиаллари негизида ташкил этилаётган семинарлар, маҳорат дарслари ва методик тавсиялар педагогларнинг касбий маҳоратини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Демак, илм лабораторияларда қолиб кетмаяпти, балки бевосита таълим жараёнига кириб бормоқда.
Институтда яратилаётган инновацион ишланмалар ҳам илмий фаолиятнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Бунинг ёрқин намунаси сифатида 583 миллион сўм маблағ жалб этилган «Sirdaryo ta’limi.uz» рақамли платформасини келтириш мумкин. Мазкур лойиҳа таълим муассасалари, педагоглар ва ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликни замонавий ахборот технологиялари асосида мустаҳкамлаш, таълим жараёнининг очиқлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Институт магистранти Меҳруза Султонованинг «MedMapp» лойиҳаси эса халқаро грант танловида 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни қўлга киритди. Бу ютуқ ёш тадқиқотчиларнинг илмий ғоялари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилаётганининг яна бир амалий исботидир.
Илмий фаолият самарадорлигини акс эттирувчи кўрсаткичлар ҳам эътиборга лойиқ. Ҳисобот даврида институт олимлари томонидан 17 та дарслик, 45 та ўқув-услубий қўлланма, 12 та монография, 120 та халқаро илмий мақола, жумладан, уларнинг 24 таси Scopus халқаро илмий маълумотлар базасида, шунингдек, 180 та маҳаллий илмий мақола ва 250 дан ортиқ конференция материаллари нашр этилди. Бу натижалар институт профессор-ўқитувчиларининг жаҳон илмий майдонидаги фаоллиги ва илмий нашрлар сифати изчил ортиб бораётганини кўрсатади.
Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳам замон талаблари асосида шакллантирилган. «Ёш олимлар кенгаши», Start-up инкубация маркази, замонавий лабораториялар, технологик ўқув устахоналари ва мунтазам ўтказилаётган илмий семинарлар ёш тадқиқотчилар учун мустаҳкам илмий майдон вазифасини бажармоқда. Жорий йилнинг ўзида грант танловларига 30 дан ортиқ илмий лойиҳанинг тақдим этилгани, стартапларни ривожлантиришга бағишланган 13 та семинар ва вебинар ташкил этилгани бу борадаги ишлар тизимли йўлга қўйилганини кўрсатади.
Институт илмий фаолиятида яна бир муҳим йўналиш — сунъий интеллект ва рақамли технологияларни кенг жорий этишдир. Бугунги кунда келажак педагогларини рақамли компетенциялар асосида тайёрлаш устувор вазифалардан бирига айланган. Шу мақсадда амалга оширилаётган «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси доирасида 980 нафар талаба халқаро сертификатга эга бўлди. Бу эса бўлажак педагогларнинг рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим қадам бўлди.
Шу билан бирга, Erasmus+ дастури доирасида рақамли педагогика, сунъий интеллект, инклюзив ва «яшил» таълим йўналишларида умумий қиймати 820 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган тўртта йирик халқаро лойиҳа ишлаб чиқилди. KOICA халқаро агентлиги билан ҳамкорликда эса қиймати қарийб 980 минг АҚШ долларига тенг STEAM Digital Lab лабораториясини ташкил этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу ташаббуслар институтнинг инновацион ривожланиш стратегияси изчил амалга оширилаётганини яққол намоён этади.

Институт фаолиятида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Хитой, Қозоғистон ҳамда Европанинг нуфузли олий таълим муассасалари билан илмий ва академик алоқалар изчил ривожлантирилмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг хорижий университетларда илмий стажировка ўташи, Fulbright дастури доирасида хорижлик олимларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар институт илмий салоҳиятини жаҳон тажрибаси билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.
Илмий ишланмаларни иқтисодиёт тармоқларига татбиқ этиш ва уларни тижоратлаштириш борасида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилган. Ҳисобот даврида 124 та хўжалик шартномаси имзоланиб, улар орқали 317 миллион сўмдан ортиқ маблағ жалб этилди. Бу эса институтда яратилаётган илмий ғоялар нафақат назарий, балки амалий ва иқтисодий аҳамиятга ҳам эга бўлаётганини кўрсатади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида Хитой Халқ Республикаси билан алоқалар ҳам янги босқичга кўтарилди. Жумладан, Wenzhou Fan and Technology Institute билан йўлга қўйилган ҳамкорлик асосида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Мазкур дастур доирасида 10 нафар профессор-ўқитувчи ҳамда магистрантлар бир ойлик малака ошириш курсларида иштирок этиб, замонавий таълим технологиялари, илмий тадқиқотларни ташкил этиш усуллари ва илғор халқаро тажрибаларни ўрганиб қайтдилар. Бу эса уларнинг касбий маҳоратини янада юксалтириш, таълим жараёнига замонавий ёндашувларни татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, институтнинг China National Research Institute of Food and Fermentation Industries илмий-тадқиқот ташкилоти билан ҳамкорлиги ҳам самарали ривожланиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик доирасида 20 нафар профессор-ўқитувчи ва талабалар учун малака ошириш дастурлари ташкил этилди. Улар озиқ-овқат технологиялари, инновацион ёндашувлар ва илмий изланишларнинг замонавий усуллари бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш имконига эга бўлдилар.
Эътиборлиси, фақат 2026 йилнинг июнь–июль ойларида халқаро академик ҳамкорлик дастурлари доирасида қарийб 30 нафар профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг академик алмашинуви амалга оширилди. Бу эса институтнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб, глобал таълим ва илм-фан маконига фаол интеграциялашаётганидан далолат беради.
Бугун Гулистон давлат педагогика институтида илм-фан оддий статистик кўрсаткич эмас, балки таълим сифати, инновация ва амалий натижаларнинг асосий мезонига айланмоқда. Бу ерда яратилаётган илмий ишланмалар таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этилмоқда, ёш олимлар халқаро грантларни қўлга киритмоқда, профессор-ўқитувчилар эса жаҳоннинг илғор тажрибаларини ўзлаштириб, уларни миллий таълим тизимига самарали жорий этмоқдалар.
Энг муҳими, институтда илм-фан жамият эҳтиёжларига жавоб берадиган, таълим сифатини юксалтиришга хизмат қиладиган ва янги авлод педагогларини замонавий билим ҳамда инновацион тафаккур асосида тарбиялайдиган қудратли кучга айланиб бормоқда.
Зеро, бугун илмга қўйилган ҳар бир қадам — эртанги тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори, таълимга киритилган ҳар бир инновация эса мамлакат келажагига қўйилган ишончли сармоядир.
Жаҳонгир Қаршибоев,
Гулистон давлат педагогика институти ректори,
халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши депутати