157 миллиард сўмлик илмий лойиҳаларга грант сертификатлари топширилди
Инновацион ривожланиш агентлигида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат илмий дастурлари доирасида ўтказилган танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Турли ҳудудлардан келган олимлар, илмий муассасалар вакиллари иштирок этган тадбирда Инновацион ривожланиш агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи Асрор Норов сўзга чиқиб, олимларни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги билан қутлади ҳамда мамлакатда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар ҳақида сўз юритди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда илмий изланишларни рағбатлантириш, олимларнинг янги ғояларини қўллаб-қувватлаш ва уларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда грант асосида молиялаштирилаётган лойиҳалар иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, саноатда янги ечимларни жорий этиш, тиббиёт, экология ва бошқа муҳим йўналишларда амалий натижаларга эришишга қаратилган.
Тадбирда 95 нафар олимга умумий қиймати 157,2 миллиард сўмлик илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун грант сертификатлари берилди. Ушбу лойиҳалар илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, янги ишланмаларни яратиш ва мамлакатнинг халқаро илмий ҳамкорликдаги салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Умумий ва ноорганик кимё институти вакили, “Олима аёл” танлови ғолиби Дилноза Жумаева бугунги кунда олимлар учун яратилаётган шароитларга эътибор қаратди.
– Илмий фаолиятимни 1990 йилларда бошлаганман. Ўша даврда илм-фанга бугунгидек эътибор қаратилмас, лабораторияларда замонавий ускуналар ва малакали мутахассислар етишмасди. Грант дастурлари ҳам деярли мавжуд эмас эди. Бугун эса вазият тубдан ўзгарган. Ўзим ҳам устоз сифатида фаолият юритяпман, шогирдларимнинг имкониятларига ҳавас қиламан. Ҳозирги ёш олимлар учун барча шароит яратилган. Энг муҳими, доимий изланиш ва академик ҳалоллик бўлса, катта натижаларга эришиш мумкин, – деди Д.Жумаева.

Тадбир сўнгида грант соҳиблари билан мулоқот ўтказилиб, келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА