Илмий йўналишда ҳамкорлик
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров бошчилигидаги делегация аъзолари Навоий вилоятига ташриф буюрди.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров бошчилигидаги делегация аъзолари Навоий вилоятига ташриф буюрди.
2019 йил 11 октябрда бу олийгоҳлар ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Ўтган давр мобайнида Низомий номидаги ТДПУнинг 2 нафар талабаси талаба алмашинуви дастури бўйича бир семестр давомида НДПИда таҳсил олган бўлса, 2021 йил учун бюджет маблағлари ҳисобидан университетда Навоий давлат педагогика институти учун 1 нафар мақсадли таянч докторантурага квота белгиланди. Шунингдек, навоийлик 8 нафар тадқиқотчига ТДПУ профессорлари илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчи сифатида бириктирилди.
Делегация аъзолари Навоий шаҳридаги "Қоракўл" мактаб-интернати билан танишди. Ушбу мактаб-интернати вилоятлар орасида биринчи бўлиб Навоий шаҳрида очилгани алоҳида эътироф этилди.
Бухоро вилоятининг Халқаро математика фанига ихтисослаштирилган “Қоракўл мактаби” билан ҳамкорликда 500 ўринли Навоий-Қоракўл мактаб-интернатида физика, кимё, биология ва инглиз тили фанлари чуқурлаштириб ўргатилади.
Шунингдек, ректор бошчилигидаги делегатция аъзолари Навоий шаҳрида янги очилган "Беруний" номидаги хусусий мактаб фаолияти, ўқувчилар учун яратилган кенг имкониятлар билан танишиб, дарс жараёнларида бевосита иштирок этишди.
– Илм масканимиз 320 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 1-5 синфларда 150 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 44 нафар ўз касбининг билимдонлари сабоқ бермоқда. Хусусий таълим масканимизда илм-фанни янада ривожлантириш, келажак авлоднинг замонавий билимларни эгаллашига алоҳида эътибор қаратилган, – дейди мактаб директори Гулнора Жуманиёзова.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, таълим муассасаларида ҳар бир ўқитиладиган фан бўйича хоналар алоҳида жиҳозланган.
Делегация ташрифи давомида мазкур ОТМ ректорлари томонидан яна бир қатор ҳамкорлик режаларини амалга ошириш белгилаб олинди.