Илмий тадқиқотлар учун ягона электрон банк ташкил қилинмоқда
Профессионал янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майда “Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган.
Унда кадрларни тармоқ ва соҳалар учун қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, мазкур соҳада самарали илмий-инновацион тадқиқотлар олиб бориш тартиб-таомилларини яхшилаш ҳам кўзда тутилган.
Фармон ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси фаолияти тубдан такомиллаштирилди.
Академияда илғор хорижий тажрибага мувофиқ давлат фуқаролик хизматчилари ва бошқарув кадрларининг салоҳиятини мунтазам ривожлантиришга қаратилган таълим дастурлари ва лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Давлат хизматчиларининг малакасини мунтазам ошириб бориш билан бирга уларни қайта тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди. Бошқарув кадрлари магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичларида ўқитилмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг таянч тавсиялари ҳамда миллий қадриятларимиз ва ахлоқ нормаларини инобатга олган ҳолда яратиладиган профессионал компетенциялар асосида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини мунтазам ошириш ташкил этилган.
Таълим дастурларини хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этиш ҳамда уларни бошқарув кадрларининг касбий компетенцияларини миллий қонунчилик талаблари ва халқаро ташкилотлар тавсиялари асосида ривожлантиришга йўналтирилмоқда.

Таълим ва тадқиқот жараёнларини факультетлар ва кафедралар негизида ташкил этиладиган илғор хорижий тажрибага асосланган таълим - тадқиқот - амалиёт мактаблари орқали олиб борилаётир.
Бошқарув кадрлари ва давлат хизматчиларини тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишда рақамли ва сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш мақсадида уларнинг рақамли компетенциялари мунтазам оширилмоқда.
Академия фаолиятини стратегик ривожлантириш, уни халқаро стандартлар даражасига кўтариш, илмий-педагогик ва моддий-техник салоҳиятини кучайтириш жараёнларига инвестицияларни жалб этиш доимий кун тартибида.
Давлат хизматчиларида замонавий раҳбарнинг «маънавий қиёфа»сини шакллантириш асосида таълим дастурлари ташкил этилмоқда. Таълим ва тадқиқот жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, ўқув жараёнини илғор хорижий тажрибаларга мувофиқ ташкил этиш, давлат хизмати ва бошқарувини такомиллаштириш, «Ўзбекистон - 2030» стратегияси, соҳа ва тармоқларни ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифаларни самарали бажариш ва мақсадларга эришиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш эътибор марказида.
Айни пайтда давлат сиёсати ва бошқаруви соҳаларидаги долзарб илмий-тадқиқот масалаларини қамраб олувчи ягона электрон мавзулар банки шакллантирилмоқда.

Мазкур ташаббус Президент фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Академия ректорининг буйруғи билан мавзулар банкини шакллантириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Шу пайтга қадар вазирлик ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан 500 дан ортиқ илмий-тадқиқот мавзуси бўйича таклифлар келиб тушган. Улар давлат сиёсати, давлат хизмати ва бошқарув амалиётидаги долзарб масалаларни қамраб олган.
Келиб тушган мавзулар долзарблиги, илмий ва амалий аҳамияти, тадқиқот салоҳияти ҳамда тегишли таълим йўналишлари ва илмий ихтисосликларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. Мазмунан ўхшаш ва такрорий мавзулар сараланиб, йўналишлар бўйича тизимлаштирилади.
Ягона электрон мавзулар банки илмий-тадқиқот мавзуларининг такрорланишини камайтириш, давлат бошқарувидаги реал муаммо ва эҳтиёжларни илмий изланишлар билан боғлашга хизмат қилади.
Мавзулар банкидан изланувчилар диссертациялари мавзуларини белгилаш, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг тадқиқот фаолиятини режалаштириш ҳамда илмий тадқиқотларни устувор йўналишларга мақсадли йўналтиришда фойдаланиш назарда тутилган.
Асосий мақсад – давлат бошқаруви амалиётидаги реал муаммо ва эҳтиёжларни илмий тадқиқотлар кун тартибига олиб чиқиш, Академиянинг илмий салоҳиятини давлат ташкилотларининг амалий эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш ҳамда тадқиқот натижаларининг амалиётга татбиқ этилишини таъминлашдир.
Норгул Абдураимова, ЎзА