Илмий – маданий ҳамкорлик уфқлари кенгаймоқда
Янги Ўзбекистонда маънавий – маърифий ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб эътироф этилган ҳозирги замонда ўзбек маданияти ва тарихи, анъана ва этнографияси, адабиёти ва санъати билан чамбарчас боғлиқ ҳолда миллий рақс санъати тараққиётига алоҳида эътибор берилмоқда. Энг қадим замонлардан бошлаб, ҳар бир миллат ўз маданий меросини қадрлашга, уни келгуси авлодлар учун асрашга ҳаракат қилади. Муҳтарам Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги нутқида халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатиясини янада кенгайтириш зарурлигини кун тартибига қўйди.
Кўп асрлик бой анъаналарга эга бўлган ўзбек миллий рақс санъати ўзининг миллий қадриятлар билан уйғунлашган чуқур мазмундорлиги, ҳаракат ва ҳолатларнинг нафислиги, нозиклиги, ички кечинмалар ҳамда гўзал ҳис-туйғуларга бойлиги, шарқона фазилатлар замирида юзага келганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳозирги даврда дунё янгиланмоқда. Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Марказий Осиёдаги энг яқин ҳамкори Қозоғистон Республикаси Жумабек Ташенев номли университетдир. Ўтган 2023 йилда мазкур университет билан учта Халқаро илмий – амалий анжуман, иккита Халқаро илмий семинар, иккита олимпиада, ўндан ортиқ маънавий – маърифий тадбирлар ўтказилди. Хусусан, иккала олий ўқув юртининг ташаббуси билан Қозоғистон халқи Ассамблеяси, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти ҳамкорлигида Чимкент шаҳрида “Илм-фан, таълим ва санъат интеграцияси: истиқболли режалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ва анжуман доирасида Ўзбекистон халқ артисти, Америка Қўшма штатларидаги Евроосиё рақс академиясининг академиги, профессор Гавҳар Матёқубова номидаги халқаро рақс кўрик-танлови ўтказилди.

Унда Ўзбекистон давлат хореография академияси, хореография йўналиши кундузги бўлим талабаси Ислом Ҳайдаров, сиртқи бўлим талабалари Дилноза Мавлонова, Дилноза Артиқовалар ўзларининг жозибали рақслари билан томошабинларнинг муҳаббати ва эътирофига сазовор бўлишди. Гран – при Жумабек Ташенев номли университет 1-курс талабаси Дилдора Атажоновага, 1-ўрин Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиали 2-курс талабаси Рисолат Сапаевага насиб қилди.
Ўзбекистон давлат хореография академиясида амалга оширилаётган “Мусиқа ва санъат ўқув муассасалари учун “Болалар рақслари” фанидан интерактив ўқув-методик қўлланмалар яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида 2023 йилнинг январь ва ноябрь ойларида Аградаги Ж.Сити коллежи, Деҳли шаҳридаги Жавоҳирлаъл Неру, Мирзо Ғолиб университетлари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Ҳиндистон: янги илмий – маданий алоқалар” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда санъат ва маданият тарихи, миллий рақс, ҳинд – ўзбек халқлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, янги алоқалар ўрнатиш каби мавзулар кўтарилди. Конференция материаллари инглиз ва ҳинд тилларида чоп этилди. Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубованинг ҳинд ва инглиз тилларида чоп этилган “Хоразм “Лазги” рақсининг тарихи”, Ҳ. Ҳамроеванинг “Ўзбек болалар фольклор рақслари: анъанавийлик ва замонавийлик”, Б. Холиқова ва Ҳ. Ҳамроеванинг “Сирдарё “Сават” рақс туркуми: маданий – маънавий воқелик сифатида” номли монографиясининг тақдимоти ўтказилди. Монография Нью - Дели университети илмий кенгашининг қарори билан нашрга тавсия этилган. Уларни инглиз тилига таржимон ва публицист Асрор Аллаёров, ҳинд тилига доктор Шаменаз таржима қилган. Филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева Ж. Неру университети ҳамда Жамия миллий исломия университети талабалари учун ўзбек тилидан “Маҳорат дарс”и ўтди, ўзбек ва ҳинд халқлари маданиятининг муштарак жиҳатлари ҳақида маъруза қилди.

Конференция, ижодий учрашувлар ва китоб тақдимотлари Ҳиндистон матбуотида кенг ёритилди. Ёшлар қалбида тарихга қизиқиш ва ҳурмат, қадим қадриятларга муҳаббат туйғусини шакллантиришда, мафкуравий таҳдидлар ва оммавий маданият таъсирига қарши тура оладиган комил инсон қилиб тарбиялашда санъат муҳим аҳамият касб этади. Мустақил тараққиёт йўлини танлаган ҳар бир миллат учун маданий мерос ва миллий қадриятларни асраш энг долзарб ва устувор вазифалардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 февралдаги «Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари маданият ва санъат тараққиётида ўзига хос тарихий воқеа бўлди ва хореография таълимида асосий дастуриамал вазифасини ўтамоқда.
Хореография таълим тизимини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёжни тўла қамраб олиш, янги авлод дарсликларини ҳамда миллий рақс санъати соҳасида «Устоз-шогирд» анъаналарига асосланган рақс мактабларини яратиш, халқаро стандартларга мувофиқ юқори малакали мутахассислар ва кадрларни тайёрлаш, илмий тадқиқотларни жадал ривожлантириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадларга эришиш учун ўқитишнинг замонавий ва илғор услубларидан кенг фойдаланиш, ўқувчилар иқтидорини ҳар томонлама ривожлантириш таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш ҳамда илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш бугунги куннинг муҳим масалалари саналади.
2021 - 2024 йилларда академияда “Мусиқа ва санъат ўқув муассасалари учун “Болалар рақслари” фанидан интерактив ўқув-методик қўлланмалар яратиш” мавзусида амалий лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа доирасида “Ўзбек болалар рақслари, рақс либослари ва тақинчоқлари номларининг ўзбекча – русча – инглизча – французча қисқача изоҳли луғати”, “Ўзбек болалар фольклор рақслари” номли китоб – альбом, 7 та илмий мақолалар тўплами, 2 та монография , 193 та илмий мақола эълон қилинди, 5 та дастурий маҳсулот яратилди ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк қўмитасидан гувоҳнома олинди.
“Ўзбек болалар фольклор рақслари” ўқув қўлланмасида (муаллифлар Ҳ.Ҳамроева, Ш.Тохтасимов) биринчи марта 35 та болалар рақсларининг хореографик тавсифи яратилди. Шунингдек, Туркия, Россия, Миср, Ҳиндистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Индонезия, Таиланд давлатларининг ТОП мингталикка кирган нуфузли олий ўқув юртлари билаан ҳамкорликда Халқаро илмий - амалий конференциялар ўтказилди, анжуман материалларининг илмий тўплами нашр қилинди. Болалар фольклор рақсларини тўплаш мақсадида Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Сирдарё вилоятларига илмий экспедициялар уюштирилди. Мазкур анжуманлар ва илмий экспедицияларда талабалар ҳам фаол иштирок этишди.
Амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни, “Маҳорат дарслари”ни, хориждаги ўзбек болалар рақс марказлари билан ҳамкорликни кенг кўламда тарғиб қилиш мақсадида лойиҳанинг расмий веб-сайти ҳамда телеграм канали яратилди. Лойиҳа раҳбари, филология фанлари доктори (DSc) Ҳ.Ҳамроеванинг “Ўзбек болалар фольклор рақс санъати: анъанавийлик ва замонавийлик” номли монографияси Индонезияда индонез ва инглиз, Ҳиндистонда ҳинд ва инглиз тилларида чоп этилди.
Бакалавриат таълим йўналишларида "Хореография жамоалари раҳбари", "Хореограф – педагог", "Балетмейстер – режиссёр", “Замонавий рақс” ҳамда "Санъатшунослик (хореография)" бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрланади. 2023 -2024 ўқув йилидан олий таълимдан кейинги конференцияларда академиямиз профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар ва талабалар иштирок этиб келишмоқда.
Академиянинг иқтидорли талабалари миллий рақс санъатини хорижий мамлакатларда катта муваффақият билан намойиш этмоқдалар. Москва, Санкт-Петербург, Сочи, Астрахань, Уфа, Астана, Олма-ота, Душанбе, Чимкент каби шаҳарларда ўтказилган нуфузли халқаро фестиваль ва кўрик-танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашди. “Замонавий рақс” йўналиши талабалари Тоҳиржон Аббосов, Сергей Казинлар Қозоғистонда ўтказилган Халқаро рақслар танловида олий ўринларни эгаллашди. Шунингдек, академия талабалари учун хорижий мамлакатлардан келган рақс усталари, моҳир хореограф – педагоглар билан ижодий учрашувлар ташкил этиш ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
Ёшларимиз келажакда миллий рақс санъати ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб, ўзбек санъатини янги ижодий ютуқлар, илмий тадқиқотлар билан бойитиб, янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорлари бўлиб камол топсинлар! Миллий рақс санъати ёшларнинг бадиий – эстетик дидини, дунёқараши ва тафаккурини шакллантиришда, уларнинг маънавий камолотини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, дунё тамаддунида ўзини, ўзлигини таниган ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, аввало, маданий мероснинг қадрини юксалтиришга ҳаракат қилади.
ЮНЕСКО томонидан “Хоразм лазги рақси” инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганлиги биз учун улкан ифтихордир. Шунинг баробарида бу ифтихорнинг ўзига яраша ҳам масъулияти ҳам бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига биноан ҳар икки йилда Хива шаҳрида “Лазги” халқаро фестивали ҳамда фестивал доирасида халқаро илмий – амалий конференция ўтказиб келинмоқда. 2022 йилда биринчи фестивал бўлиб ўтди.
Шу кунларда иккинчи “Лазги” халқаро фестивалини ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрмоқдамиз. Дарҳақиқат, миллий санъатимиз гултожи - “Лазги” рақс туркуми ўзининг жозибадорлиги, инсон қалбида эзгулик ва гўзаллик туйғуларини уйғотиши, жамият воқеликлари ва ҳаёт мазмунини чуқурроқ англашга ўргатиши билан беқиёс маънавий- маърифий таъсир кучига эга. Мазкур туркумга мансуб мўъжизавий тўққиз рақснинг сиру синоатини англаш, унинг янги қирраларини кашф қилиш, тарихий ва эстетик моҳиятини тизимли ўрганиш, бу борада илмий тадқиқотлар яратиш энг долзарб масалалардан биридир.
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиали профессори, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл – юрт ҳурмати” орденлари совриндори Гавҳархоним Матёқубова бошчилигида академия профессор – ўқитувчиларининг “Лазги” рақсига оид монографиялари Миср, Америка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон, Индонезия каби мамлакатларда инглиз, араб, ҳинд, индонез тилларида чоп этилди. Уларда ўзбек миллий маданиятининг, Хоразм санъати, “Лазги” рақс туркумининг 3 минг йиллик тарихи илмий тадқиқ қилинган. Ўйлаймизки, монографиялар миллат камолоти ва ватан тараққиётида халқаро маданий-маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Ҳаммуаллифликда тайёрланган “Хоразм “Лазги” рақси: тарихи ва тавсифи” монографиясининг тўлдирилган иккинчи нашри чоп этилиш арафасида.Мазкур рисола “Лазги” туркумининг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини атрофлича ўрганиш йўлидаги муҳим тадқиқотлардан биридир.
Шуҳрат Тохтасимов,
Ўзбекистон давлат хореография
академияси ректори, профессор