Илмий котиблар учун семинар
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси – ОАК томонидан илмий котиблар учун семинар ўтказилди.
Маълумотларга кўра, ОАК томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолиятини низомлар талаблари асосида ташкил қилиш, илмий даражалар беришда талабларнинг ягоналигини таъминлаш, фаолиятда ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 4 та илмий кенгаш фаолияти тугатилди. Бир нафар илмий кенгаш раиси фаолиятни тегишли равишда ташкил қила олмагани, тегишли илмий котиблар камчиликларга йўл қўйгани сабабли вазифасидан озод этилди.
–Илмий кенгашлар фаолиятида илмий котибларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади, – деди Олий аттестация комиссияси ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Мамадалиев. – Аттестация ишларига доир барча ҳужжатларнинг меъёрий-техник экспертизадан ўтказилиши, авторефератларнинг расмийлаштирилиши ва тақдим этилиши, шунингдек, талабгорлар билан бевосита мулоқотлар ҳам улар томонидан амалга оширилишини инобатга олсак, масаланинг моҳияти янада чуқурроқ англашилади. Семинарда мазкур фаолият билан боғлиқ долзарб масала ва муаммолар таҳлилий-танқидий муҳокама қилиниши мақсад қилинган.
Шунингдек, тадбирда илмий котибларнинг хизмат вазифалари билан боғлиқ масъулият ва вазифалари алоҳида таъкидланиб, улар ўз фаолиятларини тегишли низомлар талаблари асосида бажариши, вазифалар ижросига жиддий ёндашиши лозимлиги таъкидланди. Диссертация ҳимояси ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа ҳужжатларни тақдим этишда кечиктиришга йўл қўймаслиги, аттестация тадбирларини муддатида амалга ошириши, фаолиятда ҳар қандай салбий ҳолатларга йўл қўймаслиги, талабгор ва бошқа шахсларга асоссиз маълумотлар бермаслиги ҳамда ҳаракатсизликка йўл қўймаслиги юзасидан огоҳлантирилди.
Иштирокчиларга илмий кенгашлар фаолиятини низомлар талаблари асосида ташкил қилиш ва талабларнинг ягоналигини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА