Илмий даража сари яна бир имконият: мустақил изланувчиликка қабул бошланди
Бугун, 15 июлдан бошлаб олий таълимдан кейинги таълимнинг мустақил изланувчилик шаклига ҳужжатлар қабули бошланди.
Инновацион ривожланиш агентлиги Ахборот хизмати маълум қилишича, талабгорлар PhD ва DSc илмий даражаларини олиш учун белгиланган талаблар асосида ҳужжат топширишлари мумкин.
Мустақил изланувчилик – ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда илмий фаолият билан шуғулланиш ҳамда фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш имконини берувчи олий таълимдан кейинги таълим шакли ҳисобланади.
PhD илмий даражасига даъвогарлар магистр дипломига эга бўлиши, камида битта илмий мақола ва тегишли йўналиш бўйича камида иккита илмий тезис эълон қилган бўлиши ҳамда суҳбатдан муваффақиятли ўтиши лозим.
DSc илмий даражасига ҳужжат топширувчилар эса PhD ёки унга тенглаштирилган илмий даражага эга бўлиши, мазкур илмий даражани олгандан сўнг камида учта илмий мақола ва тегишли йўналиш бўйича камида иккита илмий тезис чоп эттирган бўлиши, суҳбатдан ўтиши ҳамда докторлик диссертацияси режасининг муфассал лойиҳасини тақдим этиши талаб этилади.
Ҳужжатларни қабул қилиш жараёни тўлиқ рақамли платформалар орқали амалга оширилади. Талабгорларнинг айрим ҳужжатлари my.gov.uz тизими орқали автоматик шакллантирилади, қолган зарур ҳужжатлар эса daraja.ilmiy.uz платформасига электрон шаклда юкланади.
Мутахассислар мустақил изланувчиликка ҳужжат топширишни режалаштираётган фуқароларга қабул талаблари билан олдиндан батафсил танишиш, барча зарур ҳужжатларни белгиланган муддатларда тайёрлаб, электрон платформалар орқали ўз вақтида тақдим этишни тавсия этмоқда. Бу эса қабул жараёнининг тез ва самарали ўтишига хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА