Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай
Мурожаатномада илмли бўлиш, таълим масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Буюк аллома Имом ал-Бухорий “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, деган қимматли сўзлари Президентимизнинг Мурожаатномаси мазмун-моҳиятида яққол акс этгани унинг ҳаётбахшлиги нишонасидир.
Мурожаатномада илмли бўлиш, таълим масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда биргина 2019 йилнинг ўзида 19 олий таълим муассасаси очилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.
Бу рақамлар юртимизда яшаётган ҳар бир кишини қувонтиради. Чунки ҳар бир оилада таълим олишга интилаётган фарзандлар бор.
Шахсан ўзим ҳам таълим соҳаси вакили сифатида битирувчиларни олий таълим билан қамраб олишни 2020 йилда – 25, келгусида эса 50-60 фоизга етказишга оид фикрларидан мамнун бўлдим.
Дарҳақиқат, битирувчиларни олий таълим муассасаларига кўпроқ қамраб олиш даркор. Чунки ҳозирги кунда юртимизда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда қатъий чегара мавжудлиги учун талаба бўла олмаган абитуриентлар вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида сўнгги пайтларда МДҲ мамлакатлари олий таълим муассасаларига мурожаат қилмоқда. Бу эса кўп ҳолларда абитуриентларнинг фирибгарларга алданиб қолишига олиб келмоқда.
Абитуриент бошқа давлатда ўқишга қабул қилинган тақдирда ҳам бир қанча масалалар кишини ўйлантиради. Биринчи галда айтиш лозимки, аксарият ҳолатларда мамлакатимиз абитуриентлари хориждаги олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинганда тўлов-контракт асосида талаба бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари чет элга “сизиб кетиши”ни англатади.
Иккинчи хавотирли жиҳат шундаки, бир умр ота-она бағрида яшаган ёшларимиз хорижда ўқиш илинжида бирдан мустақил ҳаётга учирма бўлмоқда. Айни назоратга олиниш ёшидаги йигит-қизларимизнинг маданияти бизга ёт бўлган давлатда ўқиши, яшаши ота-оналарни хавотирга солмоқда.
Шу сабабли мамлакатимизда олий таълим муассасалари сони оширилиб, қабул квоталари кенгайтирилиши айни муддао.
Айтиб ўтиш керакки, ҳозирги кунда меҳнат бозори шиддатли ва бешафқат. Талаба яхши мутахассис бўлиб етишмаса муносиб иш тополмай меҳнат бозорида “синиб кетади”. Жамиятнинг ўзи иқтидорсиз мутахассисни сиқиб чиқаради.
Сир эмас, таълимга интилиш оиладан бошланади. Бола кўп вақтини она билан ўтказгани туфайли аёлнинг маърифатли экани бу жараёнга жуда катта таъсир ўтказади. Шу жиҳатдан қизларга таълимни мақбуллаштириш бўйича ислоҳотлар нафақат уларнинг ўзи, балки жамиятнинг келгусида ривожланиши учун ҳам жуда аҳамиятли.
Давлатимиз раҳбари мурожаатномада келгусида қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратилиши, бунда Хотин-қизлар қўмитаси ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини ишлаб чиқишини маълум қилди. Бу Юртбошимизнинг гендер сиёсатидаги ижобий қадамларидан бири, дейиш мумкин.
Шу ўринда Тошкент давлат юридик университетида ҳам аёл ходимлар қўллаб-қувватланаётганини айтиб ўтмоқчиман.Университетдаги 15 кафедрадан 8 тасига аёллар раҳбарлик қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, барча кўнгилсизликларнинг сабаби илмсизликдир. Шу билан бирга бахт-саодат ҳам айнан маърифатдадир.
Динара ОТАЖОНОВА,
ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси мудири.