Илм йўлидаги хотиржамлик: юртимизда талабалар хавфсизлиги қандай таъминланмоқда?
Юртимизда талабаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга замонавий ҳамда хавфсиз муҳит яратиш бўйича самарали ишлар ташкил этилмоқда.
Зотан, юрт тараққиёти ва унинг келажаги илм-фанга интилувчан, билимли ва ташаббускор ёшлар салоҳияти билан боғлиқ.
Жорий йил 5 январда қабул қилинган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори муассасалар, маҳаллалар ва талабалар шаҳарчаларида айни йўналишдаги вазифаларни амалга оширишда муҳим асос бўлмоқда.
Вазифалар ижроси доирасида “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида рақамли технологияларга асосланган вазиятлар маркази ташкил этилди. Марказ талабалар хавфсизлигини таъминлаш, ҳудуддаги ижтимоий муҳитни реал вақт режимида кузатиш, давоматни назорат қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
Умумий майдони 1 минг 368 квадрат метрни ташкил этувчи “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги биноси 2024 йилда қурилган. Уни мукаммал таъмирлаш, вазиятлар марказини ташкил этиш ва ҳудудни ободонлаштириш ишларига 33 миллиард сўм йўналтирилди.
– Бу ерда етмиш беш мингдан зиёд талаба таҳсил олиб келмоқда, – деди “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими Фаррух Темиров. – Ҳудудимизда қирқ иккита талабалар турар жойи мавжуд. Ўн саккиз мингдан зиёд талабалар турар жойи сиғими ажратилган. Жорий йил сентябрь ойида муҳтарам Президентимизнинг шаҳарчага ташрифи қувончли воқеа бўлди. Эндиликда Талабалар шаҳарчасида Вазиятлар маркази ташкил этилди. Унга олий таълим ўқув биноларидан тортиб, талабалар турар жойи, кўчалари, савдо шохобчалари – ҳаммаси тўлиқ интеграция қилинди ва ишимиз жуда ҳам енгил бўлди. Ундан ташқари, талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги биносида Олий таълим тарихи музейи ташкил қилинди. Бу ҳам шаҳарчада бир катта янгилик, катта хурсандчилик бўлди.
Еттита боғ, жумладан, Кимё боғи, Биология боғи, Физика, Математика, АТ, Геология, Энергетика боғлари ташкил қилинди. Уларнинг талабалар факультетига киравериш жойида очилгани катта иш бўлди. Талабалар дарс вақтида, дарсдан кейин бемалол боғларга келиб, ўша ерда ўтириб, аллеяда бемалол ўзини биология, кимё ёки бошқа фан боғида ҳис қилиши учун шароитлар яратилди.
Бундан ташқари, талабалар учун саккизта маиший хизмат шохобчалари – book-каfе, озиқ-овқат дўконлари ташкил этилди. Булар ҳаммаси муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан амалга оширилди.
Бугунги кунда ҳокимлигимиз биносида вазиятлар маркази билан бир қаторда стартап хонаси, Олий таълим тарихи музейи, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази жойлашган.
Вазиятлар маркази шаҳарчадаги барча талабалар турар жойини қамраб олган. Тизим орқали 75 мингга яқин талаба, шу жумладан, ётоқхоналарда истиқомат қилувчи 17,5 минг нафар йигит-қизнинг хавфсизлиги таъминланади. Уларнинг давоматини назорат қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имкониятлари ҳам мавжуд.
Марказ 17 та ахборот тизими билан интеграция қилинган. Бу турли маълумотларни ягона рақамли платформа орқали тезкор таҳлил қилиш ва вазиятга қараб зарур чоралар кўриш имконини беради.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ
(видео), ЎзА