Илм ва маърифат маскани аҳоли хизматида
Илм, тафаккур ўзликни англаш, дунёни идрок этишнинг муҳим воситалари ҳисобланади.
Давлат қудрати ва юрт тараққиёти асосида ҳам илм-фан, маърифат, юксак маънавият ётади. Илм ва маърифат манбаи эса албатта, китоб ва кутубхонадир.
Доимий китоб мутолаа қилган, бой маънавий меросдан баҳраманд бўлган ҳар бир инсон қалби илм ва маърифат нурлари билан бақувват бўлади. Шунинг учун ҳам юртимизда китоб ўқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, китоблар нашр этиш масалалари, шунингдек, мавжуд китобларни келажак авлодга сифатли етказиш вазифасини бажариб келаётган кутубхоналар фаолияти ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни қарийб бир асрдан кўпроқ тарихга эга З. М. Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот кутубхона маркази фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Аҳолининг кутубхоналардан эркин фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, сақланаётган миллий-маданий меросни асраб-авайлаш, китоб жамғармасини бойитиш бўйича ҳам марказда самарали ишлар олиб борилмоқда. Шунга ҳамоҳанг халқимизнинг китобхонликка муносабати ҳам ўзгариб бормоқда. Бошқача қилиб айтганда, китобнинг “обрў”си ошмоқда. Китоб – бебаҳо бойлик эканини, мутолаа жараёнида инсон қалби, онги ва тафаккурида юз берадиган ўзгаришларни бошқа бирор машғулот бера олмаслигини кўпчилик англаб етмоқда.
Қарийб бир асрдан кўпроқ тарихга эга, вилоят аҳолисига илму маърифат улашиб келаётган зиё масканларидан бири бўлган З. М. Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот кутубхона маркази 1907 йилда 389 нусха китоб билан ташкил этилган. Бугунги кунга келиб кутубхона фондида 93 мингдан зиёд номдаги 884 минг нусхага яқин китоб, шунингдек, 322 минг 197 та китобнинг электрон шакли мавжуд. Бундан ташқари, 37 минг нафардан зиёд китобхон марказ хизматидан мунтазаам фойдаланади.
Марказга ойига ўртача 2 минг нафарга яқин китобхон ташриф буюради. Уларнинг китоб ўқиб билим олиши, вақтини мазмунли ўтказиши учун ўқув заллари, электрон кутубхона бўлими, ёшлар билан ишлаш, ўлкага оид, хуқуқий адабиётлар секторлари, хорижий тилларни ўрганиш залларида барча шароитлар яратилган. Шунингдек, “Кутубхона иккинчи оилам” клуби ташкил этилган.
Китобхонларга масофадан хизмат кўрсатиш учун китобларни рақамлаштириш, электрон каталогни шакллантириш, маълумотлар ва тўлиқ матнли маълумотлар базалари ҳам яратилган. Электрон маълумотлар базаси орқали вақти бўлмай ёки бошқа сабабларга кўра кутубхонага келолмайдиган китобхонларга масофадан хизмат кўрсатилади. Уларга қизиқишлари ва сўровлари асосида интернет орқали зарур ахборотлар, электрон шаклдаги адабиётларни етказиб бериш йўлга қўйилган. Умуман, марказда турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳолини кутубхонага жалб қилиш, китобхонлар сафини кенгайтириш ва хизмат сифатини оширшга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– 1965 йилда қурилган вилоят кутубхона биносида ўтган давр мобайнида таъмирлаш ишлари олиб борилмаганлиги боис, кейинги йилларда бинонинг сув, канализация, иситиш, ҳавони янгилаб туриш тизимлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди, – дейди Ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Нигорахон Юлдашева. – Ўтган йили марказимизда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, канализация, иситиш тизмлари, шунингдек, бино томи тўла янгиланди. Бинонинг олд қисмига айвон қурилди, китоблар сақланадиган ертўла ва махсус хоналарнинг ости бетонланди. Ҳар бир қаватдаги ўқув заллари ўзига хос дизайн асосида таъмирланди. Юқори қаватларга чиқиб-тушиш учун лифт ўрнатилди.
Кутубхона капитал таъмирланиб, энг аввало, китобларни сақлаш бўйича белгиланган барча талабларга жавоб берадиган, ўқувчилар, муассасада ишловчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Шунингдек, кутубхонада имконияти чекланган фуқаролар, якка тартибда шуғулланувчилар учун махсус хоналар ташкил этилди. Бундан ташқари, кутубхона қошида ташкил этилган кичик ёшдаги китобхонлардан иборат “Эртаклар яхшиликка етаклар”, “Ёш ижодкор” клублари учун ҳам алоҳида хоналар ажратилди.
– Кутубхонанинг доимий аъзоси сифатида бу ерга жуда кўп келаман, – дейди меҳнат фахрийси Воситхон Аҳмадхонов. – Ҳукуматимизга раҳмат, кутубхона капитал таъмирланди. Очиғи, бу ерда яратилган шарт-шароитлардан кўнглим тоғдай кўтарилди. Салқин, кенг, ёруғ ўқув залларида ўтириб китоб ўқишнинг гашти барибир бошқача бўлади.
Бугун вилоят кутубхонаси китобхонлар билан гавжум энг йирик зиё маскани, қолаверса, замонавий, ўзига хос қиёфаси билан Андижон шаҳрининг кўркига кўрк қўшмоқда.
[gallery-6415]
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА