Илм-фанни ҳаётининг мазмуни деб билган олима
Андижоннинг чекка қишлоғида туғилиб ўсган Насибахон Наралиева илм йўлида машаққатли синовларни мардона енгиб, бугунги кунда ҳурмат топган олима аёллардан биридир. Айни кунда у Андижон давлат университети “Экология ва барқарор ривожланиш” кафедраси профессори, биология фанлари доктори сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.
Насибахон Наралиева Жалақудуқ туманининг Абдуллабий маҳалласида туғилган. Отаси Маман ака биология-кимё фани, онаси Авазхон ая бошланғич синф ўқитувчиси бўлган. Оилада илмга, фарзандларини ўқитишга, илмли қилишга иштиёқ юқори, айниқса, оилада китобга бўлган меҳр ўзгача бўлган. Насибахон болалигидан китобни ўзига дўст билди, кўп ўқиди. Ана шундай муҳитда улғайган қизнинг китоб ўқишга, илм олишга меҳри, интилиш ва иштиёқи ортди. Юқори синфларда ўқиб юрган пайтларидаёқ келажакда биолог олима бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
У 1986 йилда Тошкент давлат университети(ҳозирги ЎзМУ)нинг биология-тупроқшунослик факультетига ўқишга кирди. Ушбу олий даргоҳда буюк академиклар - Бек Тошмуҳаммедов, Қодир Зокиров, Жўра Мусаев, таниқли профессор олимлар - Аҳрор Тўлаганов, Муҳсин Валихонов, Пўлат Зокиров, Ғани Комилов, Ўктам Пратов, Муҳаммад Набиев, Бакир Зарипов, Тўрахон Раҳимова каби улуғ илм дарғаларидан сабоқ олди, илм-фан сирларини ўрганди.
[gallery-32176]
Университетни тугатгандан сўнг устозларнинг тавсияси билан Андижон пахтачилик институти (ҳозирги Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти)да “Ботаника ва ўсимликлар физиологияси” кафедрасида ассистент лавозимида иш бошлади.
Ёш, малакали мутахассисни 1995 йилда Андижон давлат университетига ишга таклиф этишди. Университетда дастлаб лаборант, катта лаборант, стажёр-тадқиқотчи, ассистент, ўқитувчи ва катта ўқитувчи лавозимларида ишлаб, олий таълимнинг барча босқичларини бирма-бир босиб ўтди.
2005 йилда биология фанлари доктори, профессор Ўктам Пратовнинг илмий раҳбарлигида "Фарғона водийсининг ёпиқ жойларида тарқалган тропик ва субтропик ўсимликлар" мавзусидаги илмий иш билан номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, биология фанлари номзоди илмий даражасини, 2006 йилда эса доцент унвонини олди.
Насибахон Наралиева узоқ йиллар Андижон давлат университетининг Экология ва ботаника кафедрасини бошқарди. Ана шу даврда ботаника ва экология фанларини ўқитиш, лаборатория машғулотлари сифати ва самарадорлигини ошириш, кафедранинг илмий салоҳиятини юксалтириш, экология ва атроф муҳит муҳофазаси бўйича таълим йўналишидаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилди.
Нафақат касбининг, балки илм-фан фидойиларидан бири бўлган Насибахон 2022 йилда "Фарғона водийсида алоҳида аҳамиятга эга ботаник ҳудудларни танлаш ва антропоген омиллар таъсирида бўлган ноёб турларни сақлаб қолиш тамойиллари" мавзусидаги докторлик диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилиб, биология фанлари доктори илмий даражасини олишга муваффақ бўлди.
У ҳозирда Қорақалпоғистон табиий фанлар илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги экология бўйича, Л.Н.Гумилёв номидаги Евросиё миллий университети (Қозоғистон) ҳузуридаги биология фанлари бўйича докторлик илмий даражаси берувчи илмий кенгашларнинг аъзоси, Ўзбекистон таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги илмий эксперти, Озарбайжон ФА қошидаги “Acta Botanika” илмий журнали таҳрир ҳайъати аъзосидир. Шунингдек, “Олима” уюшмаси вилоят бўлими раҳбари сифатида ҳам иш олиб бормоқда.
Олима, илм-фан фидойиси, бой тажрибага эга педагог сифатида мамлакатимиз таълим соҳасининг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Серқирра ва шижоатли олиманинг юздан зиёд мақола ва монографиялари мамлакатимиз ҳамда хорижий нашрларда эълон қилинган. Унинг муаллифлигида ЭҲМ учун 4 та дастур яратилиб, уларга тегишли гувоҳномалар тақдим этилган. Шунингдек, олима республикамиздаги ягона “Экологик календарь”нинг асосий муаллифларидан бири ҳисобланади.
Олиманинг ташаббуси билан 2022-2023 ўқув йилида Андижон давлат университети ва Туркиянинг Эге университети ҳамкорлигида экологик биология 2+2 бакалавриат қўшма таълим дастурига, биология мутахассислиги бўйича 1+1 магистратура қўшма дастурига асос солинди.
Ҳозирда олима раҳбарлигида бир гуруҳ андижонлик педагог ва олимлар Туркиянинг Режеп Таййип Эрдоғон университети олимлари билан ҳамкорликда “Андижон шаҳрининг яшил моделини яратиш”, “Фарғона водийсида тарқалган маҳаллий маккажўхори навларининг жонли коллекциясини яратиш”, “Андижонда чой етиштириш” мавзусидаги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.
– Ўттиз йилдан зиёд вақтдан буён илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиб келаётган, профессор Насибахон Наралиева бугун устозлик мақомининг энг юқори чўққиларини ҳам забт этган олимлардан бири, – дейди биология фанлари доктори, профессор, олиманинг устози Толибжон Мадумаров. – Унинг юзлаб шогирдлари айни кунда нафақат Андижон вилояти, балки Фарғона водийси ва республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам самарали иш олиб бормоқда.
Насибахон Наралиева касбининг, илм-фан фидойиси, балки кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг бахтли соҳибасидир. Унинг уч нафар фарзанди жамиятда муносиб ўрин топган, суюкли набиралари эса унга куч ва умид бағишлайди.
– Бугун юртимизда биз – аёлларга, айниқса, ўқитувчи, олима аёлларга кўрсатилаётган эътибордан бошим кўкка етади, – дейди профессор Насибахон Наралиева. – Бугун илм-фан билан шуғулланаётган ҳар бир хотин-қиз ана шу эътиборни дилдан ҳис этмоқда. Агар мана шундай эътибор, қўллаб-қувватлаш бўлмаганида, эҳтимол олималар сафи бугунгидай кенг бўлмасди. Бунинг учун имкониятлар эшигини очиб берган юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.
Дарҳақиқат, эътибор, қўллаб-қувватлаш, инсон қадрини кўтаришдек юксак қадриятлар улуғланаётган юртимизда бундан буён ҳам профессор Насибахон Норалиева сингари фидойи, ёш авлод тарбиясига, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган олима аёллар сафи ортиб бораверади.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари