Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL” заводи маъмурий биносида “Таълим-ишлаб чиқариш кластерида ёшларнинг ўрни” мавзусида Республика илмий-техникавий анжумани иш бошлади.
Мазкур анжуман Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги “Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластери фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Республиканинг 15 дан зиёд олий таълим ва илмий текшириш институтларидан 100 дан ортиқ ёш олимлар ва мутахассислар иштирок этди. Анжуманда сўзга чиққан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев нефть ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш энг асосий вазифалардан бири эканини таъкидлади.
– Бугунги анжуманнинг мақсади – нефть ва газ соҳасида ҳар уч томон, яъни Ҳукумат, таълим, илм-фан соҳаси ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш, нефть ва газ ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш бўйича инновацион технологиялар билан танишиш, шунингдек, бошқа долзарб мавзулар бўйича муҳокамалар ўтказиш учун ягона майдон яратишдир, – деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси маслаҳатчиси Элёрбек Саидахмедов. – Юқорида қайд этилган қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” жамиятининг 3 та ишлаб чиқариш корхоналари, 6 та таълим ташкилоти ва 4 та илмий-тадқиқот ва малака ошириш муассасаларидан иборат Нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилди. Олий таълим ташкилотларининг ўқув жараёнларига ишлаб чиқариш корхоналарининг 20 нафар малакали ва тажрибали мутахассислари жалб қилинди, 1318 нафар талаба ҳамда 48 нафар профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ва стажировка ўтиши ташкил этилди, 27 нафар иқтидорли талабалар учун ишлаб чиқариш корхоналарининг стипендиялари жорий этилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқариш корхоналарининг 24 нафар ходимига бакалавриат ва 6 нафар ходимига магистратурада ўқиш учун тавсиянома берилди. Шартнома тўловлари ишлаб чиқариш корхоналари томонидан тўлаб берилди. Шўртан газ кимё мажмуасига тегишли бўлган Ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув маркази “UNG training” корхонаси тасарруфига ўтказилди ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ маблағлари ҳисобидан ўқув маркази биносини тўлиқ реконструкция қилиш ҳамда замонавий талаблар асосида жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
[gallery-9327]
Ўқув марказининг таълим жараёнига чет эллик мутахассисларни жалб қилиш юзасидан Россия Федерациясининг И.М.Губкин номидаги нефть ва газ университети ҳамда Когалым политехника техникуми билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ташаббуси билан анжуманда қатнашаётган ёш олимларни рағбатлантириш мақсадида учта номинация бўйича “Энг яхши амалий лойиҳа”, “Энг яхши инновацион лойиҳа” ва “Энг яхши ёш олим” йўналишлари бўйича ҳамда секциялар ғолибларини аниқлаш юзасидан танловлар ўтказилди. Ғолиб ва совриндорларга мукофот ва эсдалик совғалари топширилди.
Анжуман кун тартибига кўра, 27 октябрь куни танлов натижалари ҳамда “Uzbekistan GTL” заводи томонидан талаба ёшларни юқори салоҳият ва истиқболга эга бўлган мутахассис этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган Олий таълим муассасаларининг илмий-педагог ходимларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида биринчи бор ўтказилаётган “Энг фидойи устоз” танлови ғолибларини тақдирлаш маросимлари ўтказилди.
– Очиғи кутмаган эдим тақдирланишимни, – дейди ҚарМИИ “Технологик машиналар ва жиҳозлар” кафедраси мудири Фирдавсий Бўронов. – Бугун нефть-газ корхоналарида фаолият юритаётган собиқ талабаларимиз бизга шундай баҳо беришибди. Фахрланиб кетдим. Чунки бу танлов нефт-газ соҳасида ишлаётган ёш ходимлар ўртасида сўровнома тарзида ўтказилибди.
Бундан ташқари, Анжуман дастуридан ўрин олган ялпи йиғилиш ва 4 та шўъба йиғилишида “Геология-қидирув ишлари ва нефть-газ конларини ишлатишдаги инновациялар”, “Нефть ва газни қайта ишлаш бўйича инновацион тадқиқотлар”, “Нефть ва газ комплексида барқарор ривожланиш (ESG) тизимини такомиллаштириш” ва “Нефть ва газ соҳасида рақамлаштириш тизимини такомиллаштириш” мавзулари бўйича ёш олимлар ва экспертлар ўзаро тажриба алмашишади.
Тадбирнинг иккинчи кунида иштирокчилар учун “Uzbekistan GTL” корхонасининг ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда замонавий кимёвий лабораторияси моддий техник базаси билан яқиндан таништириш учун экскурсия ташкил этилиши мўлжалланган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.