Илм-фан соҳаси – тараққиёт гарови
Илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, ёшлар ўртасида илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, тайёр маҳсулот ва хизматларни намойиш этишга алоҳида эътибор қаратиш, таълимнинг барча босқичида яратувчанлик, инновацион тадбиркорлик ва рационализаторликни ривожлантириш борасидаги ишлар бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ортда қолган 2023 йилда Қўқон давлат педагогика институтида ҳам илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий педагогик кадрларни тайёрлаш, иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ҳамда инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш йўналишларида қатор ютуқлар қайд этилди.
Айни пайтга келиб институтда фаолият олиб бораётган 611 нафар профессор-ўқитувчиларнинг 13 нафари фан доктори, 192 нафари фан номзоди, 21 нафари илмий даражасиз доцентлар ҳисобланади. Институтда 3 та ихтисослик бўйича 2 та кенгаш мавжуд. Бундан ташқари қатор ихтисосликлар ва чет тили фанларидан ҳар чоракда малакавий имтиҳонлар ўтказиб келинмоқда. Ҳозирда илм-фан ва изланиш йўлини танлаган 118 нафар таянч докторант, 4 нафар докторант, 5 нафар мустақил тадқиқотчи, 4 нафар стажёр-тадқиқотчи илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Йил давомида профессор-ўқитувчилар томонидан умумий қиймати 1 млрд. 634 млн. сўм бўлган 2 та амалий ҳамда 1 та тижорий лойиҳа муваффақиятли бажарилди. 80 та шартнома тузилиб, бу орқали инновацион жамғарма ҳисобига 588 млн. сўм маблағ жалб этилди. Профессор-ўқитувчилар ўртасида ўтказилган стартап танловида ғолибликни қўлга киритган лойиҳалар 55 млн. сўм маблағ билан молиялаштирилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан октябрь ойида ўтказилган “InnoWeek.Uz-2023” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Қўқон давлат педагогика институти Фарғона вилоятидан иштирок этган “Энг фаол олий таълим муассасаси” сифатида, доцент Феруза Тешабоеванинг “Имконияти чекланган болалар ўртасида шахмат спорт турини оммалаштириш” лойиҳаси “Энг яхши ижтимоий лойиҳа” сифатида эътироф этилди.
Қўқон давлат педагогика институтида илм-фан соҳасидаги инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этишга қаратилаётган эътибор келажакда, албатта, ўз самарасини беради.
Нурбек Жўраев,
Қўқон давлат педагогика институти проректори.