Иккинчи миллий дастур: келгуси 5 йилда аҳоли саломатлиги учун ажратиладиган маблағлар оширилади
Юртимизда аҳоли соғлиғини сақлаш, одамларнинг турмуш сифатини яхшилаш ва фуқаролар учун муносиб шароитлар яратиш устувор вазифалардан бирига айланган бўлиб, бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрамидаги нутқида илгари сурилган 7 та устувор йўналишнинг иккинчиси аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва узоқ умр кўришини таъминлашга бағишлангани юксак стратегик аҳамият касб этиб, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда унинг ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган “Халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлаш: иккинчи миллий дастурни истиқболда амалга оширишнинг устувор йўналишлари” мавзусидаги йиғилишда айни шу масалалар муҳокама қилинди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ҳамда олимлар ва экспертлар иштирокида ўтган тадбирда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўз борди.
Қайд этилганидек, Президентимиз нутқида қайд этилганидек, сўнгги йилларда соҳага ажратилаётган маблағлар 8 каррадан зиёд оширилди. Мамлакатимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилиб, хусусий сектор учун кенг имкониятлар яратилди ва тиббий хизматлар ҳажми 3 баробар ошди. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун Ўзбекистонда бажарилмоқда.
Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, она ва гўдаклар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани инсон саломатлигини асраш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий натижасидир.
Таъкидланганидек, келгуси беш йилда аҳоли саломатлиги учун ажратиладиган давлат харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказиш вазифаси белгилангани соҳада касалликларни даволашдан кўра, уларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини англатади.
Йиғилиш давомида қўмитанинг иккинчи миллий дастур доирасидаги асосий вазифалари белгилаб олинди. Унга кўра, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни ошириш, спорт билан шуғулланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, гигиена қоидаларига риоя қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, таълим сифатини ошириш, ёшларни замонавий билим ва касбларга йўналтириш, тиббиётда эса касалликларни даволашдан кўра уларнинг олдини олишга асосланган “саломатликни асраш” моделига ўтиш бўйича ишлар давом эттирилади.
М.Комилова, ЎзА