Иккига бўлинган бир бутун: Жинслар урушими ёки инсонийлик инқирози?!
Бугун ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, ғалати ва қандайдир ваҳимали манзаранинг гувоҳига айланамиз. Виртуал оламдаги ҳар бир баҳс-мунозара майдони фикрлар тўқнашуви жойи эмас, балки икки жинс ўртасидаги шафқатсиз “фронт чизиғи”га айланиб улгурган. Мунозара кўлами шунчалик кенгайдики, у шунчаки ҳуқуқий ва ижтимоий тушунча бўлмиш “гендер тенглиги” доирасидан ҳам аллақачон чиқиб кетди.
Бир томонда эркак киши қандай бўлиши лозимлигидан то унинг ҳар бир қадами қандай босилиши кераклигигача сабоқ бераётган “аёллар армияси” турган бўлса, қарама-қарши томонда “аёлнинг ҳадди ва ўрнини кўрсатиб қўйиш”ни ўзига муқаддас бурч деб билган “эркаклар армияси” шай ҳолатда кутиб турибди.
Афсуски, жинслар ўртасидаги бу зиддият ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ, шафқатсизроқ ва нафратга бой кўриниш олмоқда. Хўш, биз қачон бу даражага етиб келдик? Нега бир халқ, бир жамият, бир ҳаводан нафас олаётган инсонлар сифатида, энг асосийси шунчаки инсонлигимизни унутиб қўйган ҳолда бир-биримизга ашаддий душмандек нафрат кўзи билан қараяпмиз?
Жинслар ўртасидаги тушунмовчиликлар, турфа қутбли қарашлар ва низолар ота-боболаримиз замонида ҳам бўлган. Тарихда ҳам жамиятнинг турли даврларида бу мавзу кўтарилган. Лекин бугунги кундаги каби оммавий нафрат, умумлаштириш ва шахсий аламни бутун бир жинсга ағдариш ҳолатлари ҳали ҳеч бир замонда бундай кўлам олмаган эди. Бу ерда асосий “ўтга ёғ сепувчи” омил эса ижтимоий тармоқлар ва унинг алгоритмларидир.
Бугунги инстаграм фойдаланувчиси, блогер, микроблогер ёки шунчаки тармоқ фаоли ўзининг шахсий ҳаётидаги омадсизликлари, аламли воқеалари ва драмаларини оммага олиб чиқиши доимий урфга кирди. Албатта, инсон дардини бўлишиши табиий. Лекин фожиа шундаки, бу шахсий ҳикоялар кўпинча объектив таҳлил билан эмас, балки ҳис-туйғуларга берилган ҳолда, қарши тарафни “иблислаштириш” орқали тақдим этилади.
Ижтимоий тармоқлар алгоритмига бағрикенглик эмас, ғазаб ва нафрат керак. Қанчалик кескин баёнот берилса, қанчалик кўп адоват уруғи сочилса, шунчалик кўп изоҳ, кўришлар ва “лайк”лар йиғилади. Контент ижодкорлари томошабинни ушлаб туриш учун энг экстремал мисолларга юзланишади. Жамиятнинг энг оғриқли нуқталари – енгилтабиат аёллар, гомосексуал эркаклар, радикал феминистлар, ичувчи ва лоқайд эрлар, ўз фикрига эга бўлмаган куёвлар ҳамда фарзандига алимент тўлашдан қочадиган эркаклар саҳна марказига олиб чиқилади.
Битта салбий тажриба ёки битта муаммоли шахсият тимсолида бутун бир жинс вакилларига “ҳукм” ўқилади. “Барча эркаклар бир гўр” ёки “Ҳозирги аёлларда вафо қолмаган” деган калтабин хулосалар оммавий психозга айланади. Эшитган ҳар бир шафқатсиз ҳикоясидан кейин тингловчи ўз атрофидагиларга ҳам шубҳа билан қарай бошлайди. Оқибатда, икки жинс вакиллари бир-бирига худди душманга тош отгандек таъна ва адоват тошларини отишга ўтади.
Агар ҳар бир эркак аёлини бўлажак “радикал феминист” ёки “хиёнаткор” деб билса, ҳар бир аёл эса турмуш ўртоғига потенциал “лоқайд ва заиф” деб қараса, қурилган никоҳлар қандай қилиб мустаҳкам бўлиши мумкин? Ушбу ҳолатда қатъий ишонч ва ҳурмат ўрнини доимий назорат, айбдорлик ҳисси ва шубҳа эгаллайди.
Ижтимоий тармоқлар ўйлаб топган “идеал эркак” ёки “мукаммал аёл” моделига тушмаган ҳар бир инсон ўзини бахтсиз ҳис эта бошлайди. Эркакдан улкан “молиявий империя” ва доимий романтика, аёлдан эса бир вақтнинг ўзида ҳам идеал уй бекаси, ҳам муваффақиятли карьера эгаси ва муте шахсиятли инсон бўлиш талаб қилинади. Бу сунъий стандартлар ҳақиқий ҳаётнинг гўзаллигини ютиб юбормоқда.
Аслида, мантиқан ўйлаб кўрсак, кимнингдир муваффақиятсиз ҳаёт ҳикоясини ёки шахсий фожиасини ўзиники деб тасаввур қилиб яшаш энг катта маънавий хато. Бировнинг айтган аччиқ тажрибаси бутун дунёнинг қоидаси эмас, шунчаки унинг шахсий йўли. Дунёда қанча инсон бўлса, шунча феъл-атвор, шунча тақдир ва шунча дунёқараш бор. Ҳар бир инсон мустақил шахсият, унинг ҳаёти ва муносабатлари алоҳида бир дунё ҳисобланади. Ижтимоий тармоқдаги кимдир яратиб берган сохта ва радикал стандартлар асосида ўз оиламизни, муҳаббатимизни ва келажагимизни барпо этмасак, ҳаёт нақадар осон ва гўзал бўлишини англаб ета оламиз.
Эркак ва аёл – бир-бирига қарши курашувчи икки душман армия эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи, бир-бирига суянадиган икки устун. Бири йиқилса, бутун бир иморат қулайди. Тармоқдаги ҳар бир шов-шувли, нафрат уйғотувчи видеога ҳиссиёт билан эмас, ақл ва оқилона қарашни ўрганишимиз шарт. Сарлавҳаси ғазаб сочаётган контент эгалари шунчаки сизнинг ҳис-туйғуларингиз эвазига пул ва кўришлар сонини ишлаётганини унутмаслик лозим!
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА