Фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан шахсий қабул ўтказилди
Пойтахтимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиб, уларга ҳуқуқий ва амалий ечим топиш борасидаги тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шу муносабат билан, Тошкент шаҳрида навбатдаги оммавий ва шахсий қабул ўтказилди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шахноза Султанова томонидан ўтказлган қабул давомида алимент ундириш, бандликни таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, шунингдек, уй-жой олишда назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш билан боғлиқ мурожаатлар кўриб чиқилди.

Ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида фуқароларга зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, уларни ҳал этиш чоралари белгиланди.

Шунингдек, давлат идораларининг халқ билан тўғридан-тўғри, очиқ мулоқоти бугун жамиятимиздаги кўплаб муаммоларнинг қисқа фурсатда ҳал этилишига замин яратиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Азизхон Шавкатов навбатдаги шахсий қабулни ўтказди.

Мурожаатларнинг аксарияти маданият соҳасига, шунингдек, туризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларга тааллуқли бўлди. Ҳар бир мурожаат юзасидан зарур тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар бўйича тегишли мутасадди ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА