Икки йил ойликсиз ишлаш мумкинми?
Навоий вилояти Нурота туманидаги 7-сонли мактабгача таълим ташкилотида ишлаган 3 нафар ходим иш ҳақларини ундириб беришда амалий ёрдам сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилади.
Навоий вилояти Нурота туманидаги 7-сонли мактабгача таълим ташкилотида ишлаган 3 нафар ходим иш ҳақларини ундириб беришда амалий ёрдам сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилади.
– Боғчамиз туманнинг Амир Темур маҳалласида жойлашган, – дейди Латофат Бақоева. – Бу Нуротадаги чекка ҳудудлардан бири ҳисобланади. Аввалига боғчага болалар қатнови ёмон эмасди. Кейинчалик бола қатнови камайиб, боғча капитал таъмирлашга тушди. Шундан сўнг раҳбарлар бизга бола камлиги учун ишдан кетишимизни оғзаки айтишди. Бунга ҳам 2 йил бўлди. Шу вақт оралиғида ора-сирада боғчага бориб турардик, аммо ойлик ололганимиз йўқ.
Адлия бўлими томонидан мурожаат ўрганилганда, 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти ва 3 нафар ходим ўртасидаги меҳнат шартномаси 2 йилдан буён бекор қилинмаганлиги, уларнинг меҳнат дафтарчаси иш берувчида сақланаётганлиги маълум бўлди. Аммо фуқароларга бу даврлар учун ойлик иш ҳақи тўлаб берилмаган. Мазкур ҳолат молия бўлими ҳамда мактабгача таълим бўлимининг қарздорлик тўғрисидаги маълумотномалари билан ҳам тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарилган иш учун ҳақини белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўлашга мажбурлиги кўрсатиб ўтилган. Кодексининг 161-моддасида эса меҳнатга ҳақ тўлаш ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиш мумкин эмаслиги, ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланиши лозимлиги белгиланган.
Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан Навбаҳор туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, фуқаро Санобар Аҳатовага 19 миллион 951 минг сўм, Шодигул Асқаровага 19 миллион 587 минг сўм, Латофат Бақоевга 32 минг 149 минг миқдорида иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланди.
Шуҳрат ЖЎРАБЕКОВ,
Нурота тумани адлия
бўлими бош мутахассиси