«Икки қутб орасида»: Афғонистоннинг яқин тарихи дипломат нигоҳида
Тарихи ва анъаналари муайян маънода уйғун бўлган Афғонистоннинг бугуни ва яқин тарихи ҳақида нималарни биламиз? Бу саволга таниқли дипломат, жонкуяр ҳамюртимиз, «Дўстлик» ордени соҳиби Ёдгорхўжа Шодмоновнинг «Янги саҳифа» нашриёти томонидан чоп этилган «Икки қутб орасида» номли автобиографик асарини мутолаа қилиш орқали батафсил жавоб топиш мумкин.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мазкур китобнинг кенг жамоатчилик учун тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу асар узоқ йиллар давомида дипломатик соҳада фаолият юритган тажрибали элчининг қалб кечинмалари, сиёсий кузатувлари ва фалсафий мушоҳадаларини ўзида мужассам этган нодир тарихий-бадиий манбадир.
Муаллиф Афғонистон Ислом Республикасининг икки президенти даврида ҳам, «Толибон» ҳаракати ҳокимиятни эгаллаган энг таҳликали кунларда ҳам ўз хизмат бурчини сидқидилдан бажарган. Ҳатто Ўзбекистон элчихонаси яқинида содир этилган террорчилик ҳужуми оқибатида оғир жароҳат олиб, узоқ муддат даволанганига қарамай, мардлик ва матонат билан дипломатик миссиясини давом эттирган.
[gallery-29874]
— Бу йиллар давомида мен нафақат хизмат бурчимни адо этдим, балки дунёқарашимни ҳам кенгайтирдим, инсон, тинчлик ва осойишталикнинг қадр-қимматини янада теранроқ англадим, — деди китоб муаллифи Ёдгорхўжа Шодмонов. — Меҳр-оқибатнинг беқиёс кучини ҳис қилдим. Афғон заминида ҳаётнинг турли зиддиятлари билан юзма-юз келиб, ўзлигимни янада чуқурроқ англадим. Икки қутб ўртасида кечган ҳаёт менга сабрнинг чегарасиз кучини, дўстликнинг беқиёс қудратини ва осойишталикнинг энг бебаҳо неъмат эканини яна бир бор англатди. Дипломатик хизматнинг машаққати, доимий масъулияти, хавф-хатар ва синовлари иродамни тоблади.
Китобда Балх, Жаузжон, Самангон, Фарёб, Қундуз, Сари-Пул ва Ҳирот вилоятлари, шунингдек, Кобул, Мозори Шариф, Шибирғон ҳамда Ғазни шаҳарларининг ўзига хос манзаралари, афғон деҳқонларининг матонати ва меҳмондўстлиги самимий ва таъсирчан тилда тасвирланган. Шу билан бирга, мамлакат сиёсий ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатган қарийб 100 нафар сиёсий арбоб ва қўмондоннинг сиёсий қиёфаси ҳам ёритилган.
Асарнинг алоҳида бобларида 2016 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқлик, ўзаро ишонч ва конструктив мулоқотга асосланган прагматик ташқи сиёсатнинг мазмун-моҳияти ҳамда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар динамикаси кенг ёритилган.
Китоб воқеалар ривожи ва хронологияси асосида бир неча йирик қисмларга ажратилган бўлиб, ҳар бир бўлим ноёб фотосуратлар билан бойитилган.
«Икки қутб орасида» асари миллий дипломатия соҳаси вакиллари, афғоншунослар, минтақашунослик йўналишида таҳсил олаётган талабалар, илмий тадқиқотчилар ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган.
Айтиш керакки, Ёдгорхўжа Шодмонов 1961 йил 11 апрель куни туғилган. У меҳнат фаолияти давомида ёшлар ташкилотларида, Тошкент давлат техника университетида проректор, шунингдек, «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси ҳокими ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилган.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги тизимида Дипломатик сервис хизмати котибияти мудири, Кадрлар ва ўқув муассасалари бошқармаси бошлиғи, Консуллик бошқармаси бошлиғи ўринбосари каби масъулиятли вазифаларда фаолият юритган.
Унинг дипломатик фаолиятидаги энг мураккаб ва шарафли давр Афғонистон билан боғлиқ. У 2005–2009 йилларда Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистоннинг Бош консули, 2012–2024 йилларда эса Ўзбекистон Республикасининг Афғонистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида самарали хизмат қилган.
Давлат раҳбари томонидан унинг фидокорона меҳнати ва мамлакат ташқи сиёсати соҳасидаги хизматлари юксак баҳоланиб, 2022 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Тақдимот тадбирида мамлакатимиз дипломатияси тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур асар, унда ёритилган Афғонистоннинг бугуни ва яқин тарихи, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг турли жиҳатлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари