Икки мамлакат – бир юрак: стратегик шерикликдан абадий иттифоқчилик сари
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон дунё сиёсий харитасида ўз муносиб ўрни ва овозига эга бўлган, суверенитети мустаҳкам ва изчил ривожланаётган давлат сифатида қарор топди. Оқилона, очиқ ва кўп векторли ташқи сиёсат туфайли мамлакатимиз яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан дўстона ва тенг ҳуқуқли алоқаларни, стратегик шериклик ришталарини изчил мустаҳкамлаб келмоқда.
Бағрикенглик, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик тамойилларига асосланган бу очиқлик сиёсати халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузи ва мавқеини йилдан-йилга юксалтириб, минтақавий ҳамда глобал ташаббуслар марказига айлантирмоқда. Янги Ўзбекистоннинг бу муҳташам дипломатик ва геополитик ютуқлари фонида қардош ва дўст давлатлар билан иттифоқчилик муносабатларининг янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида тарихий аҳамият касб этмоқда.
Муштарак тарихнинг зарварақларига муҳрланадиган, авлодлар хотирасида абадий яшайдиган шундай тарихий онлар бўладики, улар икки халқнинг тақдири ва келажак йўлини бутунлай янги ўзанга буриб юборади. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг рафиқаси ҳамроҳлигида мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифи айнан ана шундай оламшумул воқеага, қардошлик ва самимиятнинг юксак сурурига айланди.
Замоннинг шиддатли геополитик тўфонлари ва глобал беқарорликлар даврида Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказнинг икки қудратли ва суверенитети мустаҳкам давлати — Тошкент ва Боку ўртасидаги аҳил тотувлик шунчаки дипломатик ҳамкорлик эмас, балки аждодлар руҳи, томирларда оқаётган бир қон, муштарак тил ва ягона цивилизацион кодга асосланган минтақавий барқарорликнинг синмас ва букилмас пойдеворидир. Ташрифнинг илк сониялариданоқ намоён бўлган юксак эҳтиром, Кўксаройдаги самимий мулоқотлар ва Бухоронинг боқий обидалари бағридаги муштарак қадамлар икки халқ юраги бир уришини яна бир бор бутун дунёга намойиш этди.
Олий мартабали меҳмоннинг “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи ҳамда Тошкентдаги Ҳайдар Алиев ёдгорлиги мажмуасига ташриф буюриб, гулчамбарлар қўйиши аждодлар хотирасига, элимизнинг бунёдкорлик руҳи ва умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиевнинг боқий меросига кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси бўлди.
Кўксарой қароргоҳида ўтказилган Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ва олий даражадаги музокаралар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги амалий мазмун билан бойитди. Саммитнинг бош воқеаси — Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ушбу тарихий ҳужжат ҳамкорликни чуқурлаштириш ва муштарак келажакни барпо этишга бўлган қатъий интилишнинг асосий тасдиғига айланди. Давлат раҳбарларининг бир-бирларини олий мукофотлар — Шавкат Мирзиёевни “Ҳайдар Алиев” ордени ва Илҳом Алиевни “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан тақдирлаш маросими икки етакчи ва халқларимиз ўртасидаги юксак ишонч ҳамда эътирофнинг муҳташам рамзи сифатида тарихга кирди.
Иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги келишувлар ташрифнинг энг амалий ва салмоқли қисмини ташкил этди. Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар ортгани қайд этилиб, кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган аниқ дастур қабул қилинди. Энергетика, геология, кимё, тўқимачилик, шаҳарсозлик, молия ва боғдорчилик каби қатор йўналишларда йирик лойиҳаларга старт берилиб, Қўшма инвестиция компанияси маблағлари фаол жалб этилмоқда. Геоиқтисодий жиҳатдан беқиёс аҳамиятга эга бўлган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (Ўрта йўлак) доирасида транспорт ва логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш, Баку-Тбилиси-Карс темир йўли ва портлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Бу стратегик қадам Марказий Осиё ва Кавказни ягона иқтисодий ва логистик томир каби бирлаштиради.
Қардошлик ришталари, айниқса, Қорабоғни қайта тиклашдаги Ўзбекистоннинг беғараз ва биродарлик ҳиссасида яққол намоён бўлмоқда. Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тикланганидан сўнг амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларида Ўзбекистон томонидан туҳфа этилган Физули шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги 960 ўринли замонавий мактаб ва Хонкендидаги қўшма тўқимачилик корхонаси амалий ҳамкорлик ва маънавий кўмакнинг ёрқин тимсолидир. Шу билан бирга, Тошкент ва Бокунинг Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ), БМТ ва Қўшилмаслик ҳаракати каби нуфузли платформаларда ягона ва жипс позициядан туриб чиқиш қилаётгани, глобал ташаббусларда бир-бирини сўзсиз қўллаб-қувватлаши минтақавий барқарорликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Ҳудудлараро алоқалар ҳам жадал ривожланиб, Хива ва Шуша, Бухоро ва Лочин, Самарқанд ва Ганжа каби шаҳарлар ўртасида биродарлик муносабатлари мустаҳкамланмоқда.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик ва келажак авлод тарбияси соҳасидаги ташаббуслар ҳам беқиёс аҳамият касб этмоқда. “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ўртасидаги адабий кўприк” қўшма кинофильмини яратиш, 2027 йилдаги ёшлар ўртасидаги ЖЧ муносабати билан “Икки мамлакат – бир чемпионат” дастурини амалга ошириш, шунингдек, Янги Тошкентда Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини очиш ва 4 гектар майдонда “Озарбайжон” боғига тамал тошини қўйиш дўстлигимиз абадийлигининг мустаҳкам меъморий ва маънавий кўприкларидир.
Ташрифнинг иккинчи куни Бухоронинг бой тарихий ва маънавий мероси бағрида давом этгани олий даражадаги мулоқотларга алоҳида шукуҳ бағишлади. Бухоро халқаро аэропортида меҳмонларни шахсан кутиб олган Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев рафиқалари ҳамроҳлигида кўҳна шаҳарнинг дунёга машҳур обидаларини зиёрат қилди. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Сомонийлар мақбараси, Арк қалъаси, 1127 йилда бунёд этилган машҳур Калон минораси, Калон масжиди, Мир Араб мадрасаси ҳамда Лаби Ҳовуз мажмуаси Бухоронинг Ипак йўлидаги ислом цивилизацияси ва меъморчилиги маркази сифатидаги беқиёс ўрнини яна бир бор намоён этди. Зиёрат давомида олий мартабали меҳмонга Бухоро вилоятининг замонавий тараққиёти, рақамлаштириш ва саноат салоҳияти ҳақида ҳам атрофлича ахборот берилди.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг ушбу тарихий давлат ташрифи расмий баённомалар қолипидан аллақачон жўшқин умуммиллий сурурга айланиб, икки қардош элнинг айрича тақдири ва муштарак орзуларини битта мажмуага жипслаштирди. Тошкентда сиёсий ирода ва юксак ишонч билан муҳрланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома кўҳна Бухоронинг асрий деворлари ва боқий қадамжоларида маданий ва маънавий фотиҳа олди. Бамисоли Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг буюк маънавий мероси амирона давом этаётганидек, геополитик саҳнада ҳам, туркий дунё бағрида ҳам Тошкент ва Боку бир-бирига энг яқин суянчиқ, мададкор елкадош бўлиб қад ростламоқда.
Янги Тошкент ва Боку кентларида қад кўтарадиган муштарак боғлар, яратилажак янги иқтисодий кўприклар ва келажак авлодлар учун очилаётган бепоён имкониятлар шундан далолат берадики: Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлиги вақт синовларида тобланиб, тоғдай мустаҳкамланиб бораверади. Бу абадий ва букилмас иттифоқ нафақат икки давлатнинг порлоқ истиқболига, балки бутун минтақамиз ва туркий дунёнинг тинчлиги, фаровонлиги ҳамда адолатли юксалишига хизмат қилувчи мунаввар ва сўнмас маёқдир.
Алоуддин Ғаффоров,
ЎзА