Икки даҳо ижодкорга эҳтиром кўрсатилди
Адабиётимиз иморатини икки устунли деб тасаввур қилсак, улар шубҳасиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Иккиси ҳам ўзининг бетакрор асарлари билан адабиётимиз хазинасини тенгсиз жавоҳирлар билан бойитган. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда уларнинг таваллуди биргаликда шодиёна сифатида нишонланади.
Ана шундай шодиёналардан бири Республика марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ва Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамиятининг “Санъат гулшани” маданият саройи ҳамкорлигида ташкил этилди. “Саодат соҳиллари” деб номланган бадиий-мусиқий кечада Алишер Навоий таваллудининг 585 ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги тантана қилинди.

Мазкур тадбирда кутубхона аъзолари, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг ҳудудий раҳбарлари ва жамият аъзолари иштирок этди.
Кутубхона ходимлари томонидан тайёрланган Навоий ва Бобур ғазаллари йиғилганларда ижобий таассурот қолдирган бўлса, хонандалар ва созандалар жўрлигида ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга ҳақиқий байрамона руҳ бағишлади.

–Навоий ва Бобур нафақат буюк ижодкор, балки жуда катта шахс бўлишган, – дейди кутубхонанинг фахрий аъзоси Аҳрор Ҳайдаров. –
Олти асрдан буён бизга маърифат зиёсини улашиб келаётган ҳазрат Алишер Навоий меросини аввало ўзимиз, шундан сўнг фарзандларимизга ҳам етарлича англатмоғимиз лозим. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ҳазрат Навоийни ўзига устоз деб билган. Ҳатто бир маротаба у зотдан мактуб олиш бахтига ҳам муваффақ бўлган. Шунинг учун ҳам Бобур ижодда ҳам салмоқли самарадорликка эришган, десак тўғри бўлади.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига икки даҳо ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Иштирокчилар икки буюк аллома ижодига улкан қизиқиш ва уларни янада чуқур ўрганиш иштиёқи билан қайтишди.

Шербек Исломов, ЎзА