ИИВ: жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш кучайтирилади
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда ички ишлар органлари фаолиятининг муҳим йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар муҳокама этилди ҳамда келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Асосий масала — Тошкентда мамлакатнинг асосий инвестиция платформаси ва минтақадаги энг йирик ишбилармонлик форумларидан бири бўлган - Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтиши муносабати билан пойтахт меҳмонлари ва иштирокчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари ҳақида бўлди.
Айтиб ўтиш керакки, мазкур нуфузли тадбирда 99 мамлакатдан жами 8 мингдан зиёд иштирокчи, жумладан, қарийб 3,1 минг нафар хорижий меҳмон қатнашиши кутилмоқда.

Тадбирга таклиф этилганлар орасида хорижий давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари ва вакиллари, нуфузли халқаро молия институтлари, йирик компаниялар, инвестиция жамғармалари ва ишбилармон доиралар раҳбарлари бор.
Шу муносабат билан, масъул раҳбарларнинг ва тадбирга жалб этилган шахсий таркибнинг хизмат вазифалари белгиланди ҳамда хизматни назорат қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Йиғилиш кун тартибига мувофиқ мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, Президентимизнинг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижро масаласи таҳлил қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Шу жумладан, аҳолининг саломатлиги ва миллат генофондига жиддий таҳдид солаётган гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш ҳамда бунга сабаб бўлаётган уюшган наркожиноятчиликка чек қўйишга қаратилган норматив-ҳуқуқий, тезкор-профилактик ва ташкилий-тарбиявий чораларни такомиллаштириш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди.

Кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳолати муҳокама қилиниб, интернет орқали содир этилаётган фирибгарлик ва бошқа турдаги жиноятларнинг олдини олиш, уларни фош этиш борасида йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди. Бу йўналишда иш самарадорлигини ошириш бўйича қатъий ва кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг июнь ойи дастлабки ўн куни мобайнида республикадаги криминоген вазият ҳамда содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар муҳокама қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш қатъий назоратга олиниши таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА