ИИВ: жиддий камчиликларга йўл қўйган 6 нафар ИИБ бошлиғи ва 2 нафар ўринбосари лавозимидан озод этилди
Ички ишлар вазирлигида жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган хизмат фаолияти сарҳисоб қилиниб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва хизмат самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов бошқарган йиғилишда тизим раҳбарлари ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда республикадаги криминоген вазият, оғир ва ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларни фош этиш натижалари таҳлил қилинди. Ҳисобот даврида 125 минг 387 оммавий тадбирда 70 миллиондан ортиқ фуқаронинг хавфсизлиги таъминланди.
Жами 5 минг 778, яъни 64 фоиз маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган бўлса, 476 маҳалла “қизил” тоифада қолаётгани танқид қилинди. Жиноятларни прогноз қилишнинг янги механизми натижасида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 87 фоизи фош этилди. Замонавий технологиялар ва фуқаролар фаоллигидан самарали фойдаланиш натижасида жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 31,4 фоизга яхшиланиб, 1 триллион 365 миллиард сўмлик моддий зарар қопланди.
Қидирувда бўлган 5 мингдан зиёдроқ шахс ушланди, бедарак йўқолган 2 минг 616 нафар фуқаро аниқланиб, оилалари бағрига қайтарилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилояти, Андижон, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё ҳудудларидаги криминоген вазият бўйича раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда кибержиноятларга қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилнинг “Кибержиноятларга қарши курашиш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан профилактик ишлар кучайтирилди. Марказий банк билан ҳамкорликда йўлга қўйилган тизим орқали 29 триллион сўм маблағнинг ноқонуний равишда четга чиқиб кетишининг олди олинди ва жиноятларга алоқадор 18 минг 838 банк картаси блокланди.

Ҳисобот даврида 9 минг 282 кибержиноят фош этилди, 4 мингдан зиёди ташаббус асосида аниқланди. 13 мингдан ортиқ фуқарога етказилган 120 миллиард 496 миллион сўмдан зиёд моддий зарар қопланди. Киберхавфсизлик бўйича тарғибот тадбирлари орқали қарийб 23 миллион аҳоли қамраб олинди.
Шу билан бирга, кибержиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, фуқаролар мурожаатларини сифатли ўрганиш ҳамда ички ишлар ходимларининг киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.
Ҳайъатда хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ва хизмат шароитларини яхшилаш масалалари ҳам танқидий муҳокама қилинди. Интизомга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш, ходимлар масъулиятини ошириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ҳам таҳлил қилинди. 205 минг 154 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 87,7 фоизи қаноатлантирилган, 11,3 фоизи юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Мурожаатларни кўриб чиқишдаги камчиликларга танқидий баҳо берилиб, фуқаролар муаммоларини ўз вақтида ва қонуний ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Ҳисобот натижаларига кўра, хизмат фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган 6 нафар шаҳар ва туман ИИБ бошлиғи, 2 нафар уларнинг ўринбосари ҳамда 2 нафар вилоят ИИБ масъул раҳбарини лавозимидан озод этиш, 7 нафар раҳбарга интизомий жазо қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.

Рейтинг натижаларига кўра, Тошкент вилояти биринчи, Самарқанд вилояти иккинчи, Фарғона вилояти учинчи ўринни эгаллади. Юқори натижаларга эришган ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларини рағбатлантириш бўйича таклифлар киритилди.
Йиғилишда Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш, байрам тадбирларида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида қўйилган вазифалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилиши, ҳар бир раҳбар ва ходимдан юқори натижа кўрсатиш, интизом ва шахсий масъулият талаб қилиниши таъкидланди.
Норгул Абдураимова, ЎзА