ИИВ ишчи гуруҳи Қашқадарёда
Президент қарори амалда
Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини амалиётга татбиқ этиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Қарши давлат университетида прокуратура, Миллий гвардия ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг масъуллари, Қарши шаҳар секторлари раҳбарлари ҳамда “қизил” тоифадаги Алишер Навоий, Чўлқувар, Шайхали маҳаллалари еттилиги билан ўтказган йиғилишда қарорнинг мазмун-моҳиятини иштирокчиларга етказди.

Унда криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, вазияти оғир “қизил” тоифадаги маҳаллаларда “Намунали хавфсиз кўча” ва “Намунали хавфсиз йўлак”ларни ташкил қилиш, видеокамералар ўрнатиш ҳамда вазиятни назорат қилиш учун профилактика инспектори ҳамда Ички ишлар бошқармаси вазиятлар марказига интеграция қилиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг кириш эшикларида замонавий домофонларни ўрнатиш, ушбу йўналишдаги ишларни назорат қилиш учун маҳалла – туман – вилоятлар бўйича масъуллар бириктирилгани қайд этилди.

Қарши туман Болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам секторлар раҳбарлари, Миллий гвардия ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг масъуллари, “қизил” тоифадаги Боғобод, Чароғил, Кат маҳаллалари еттилиги билан қарор моҳиятини тушунтиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Маҳаллалар еттилиги билан жиноятларнинг олдини олиш борасидаги вазият таҳлил этилиб, криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган аниқ манзилли тадбирлар белгиланди.
Тадбирда масъулларга ҳуқуқбузарликлар профилактикасини “Йўл харитаси” асосида тўлиқ ижро этилишини таъминлаш ҳамда ижтимоий профилактика тизимини самарали йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиб, фуқаролар, айниқса, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш бўйича тегишли тавсия, топшириқлар берилди.
Шунингдек, республика ишчи гуруҳи аъзолари кичик гуруҳларга бўлиниб, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ижросини таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Қарорда белгиланганидек, амалга оширилган ишлар ҳар ойнинг якунида ички ишлар вазири, ҳар чоракда Бош прокурор ҳамда ярим йилда Бош вазир ҳузурида муҳокама этилиши таъкидлаб ўтилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА мухбири