ИИВ: 5 минг 778 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматининг 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи полковник Шароф Уралов бошқарган йиғилишда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари раҳбар ва ходимларининг рейтинг кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида жорий йилнинг 6 ойида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони 2 минг 309 тага ёки 14 фоизга камайган. Яъни, 16 минг 651 тадан 14 минг 342 тага тушган. Шунингдек, 5 минг 778 (64 фоиз) маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
2 минг 738 (30 фоиз) маҳаллада эса жиноятлар сонининг камайишига эришилди. Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимлари фаолиятини холис ва шаффоф баҳолаш мақсадида жорий этилган рейтинг тизимининг самарадорлиги таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур тизим орқали ҳар бир ходимнинг хизмат натижалари ҳар чоракда аниқ мезонлар асосида баҳоланиб, уларнинг фаолияти доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Йиғилиш якунида хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда белгиланган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА