ICT WEEKнинг иккинчи кунида қандай масалалар муҳокама қилинди? (+видео)
Жумладан, ҳафталик доирасида “Future Intelligence Forum 2026” тадбири ўтказилиб, унда давлат органлари вакиллари, етакчи халқаро ва маҳаллий компаниялар, экспертлар ҳамда рақамли иқтисодиётнинг асосий иштирокчилари жамланди. Форумда сунъий интеллектни ривожлантириш, рақамли технологияларни амалиётга жорий этиш ва соҳадаги замонавий ечимлар тақдимотига эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Enterprise Uzbekistan” саммитида халқаро бизнес учун янги имкониятлар, ҳуқуқий инфратузилма, суверен сунъий интеллект ечимлари ҳамда Ўзбекистоннинг глобал технологик иқтисодиётдаги ўрни муҳокама қилинди.
ICT WEEK доирасида “Uzbek–Japan Digital Community Forum” ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Япония ўртасида рақамли ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва технологик компанияларни янги бозорларга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Форумда Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов иштирок этиб, икки мамлакат инновацион экотизимлари ўртасида амалий алоқаларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Умуман, ҳафтанинг иккинчи кунида сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, халқаро инвестициялар ва Ўзбекистоннинг технологик салоҳиятини ошириш билан боғлиқ масалалар асосий муҳокама мавзуси бўлди.
Н. Раҳмонова, Н. Абдувоитов (видео), С. Обиджонов (монтаж), ЎзА