Ички ишлар тизимидаги ёшлар “Заковат”да беллашди
Гулистон шаҳрида Ички ишлар вазирининг жорий йил 31 мартдаги “Ички ишлар органлари тизимида “Заковат” интеллектуал ўйинларини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари ўртасида илк маротаба “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди.
Вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси хабарига кўра, ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинларида 18 та жамоа иштирок этди. Зукко, билимдон ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ушбу тизимда меҳнат қилаётган йигит-қизлар “Заковат” савол-жавобларида ўз маҳоратларини намойиш этиб, билимларини синовдан ўтказди.
Мазкур интеллектуал ўйинларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларнинг интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб боришдир. Шунингдек, бу борада билимли ва салоҳиятли ходимларга иқтидорини намоён этишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиш, уларни муносиб рағбатлантириш, ходимларда илмни қадрлашга, китоб мутолааси билан кўпроқ шуғулланишга ва билим олишга интилишлари каби тушунчаларни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Муросасиз, ҳаяжонли ва қизғин ўтган беллашувда Мирзаобод тумани ИИБнинг зукко ходимлари 1-ўринни, Сирдарё тумани ҳамда Сирдарё вилояти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси жамоалари 2- ва 3-ўринларни эгаллади.
Ғолиб ва совриндонлар вилоят ИИБ бошлиғининг қимматбаҳо совғалари ва китоблар тўплами билан тақдирланди.
А.Қаюмов, ЎзА