Ичимлик ва оқова сувлар сифати доимо назоратда
Сув – бу обиҳаёт. Дарҳақиқат, ҳаётимизни сувсиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ҳеч бир ўйлаб кўрганмисиз, ҳар куни истеъмол қилаётган ичимлик сувимиз бизгача етиб келгунича неча марталаб тозаланиб, текширилишини. Тўғрисини айтганда бунга кўпчилик шундай бўлиши керак, одатий бир ҳол деб қарайди.
Ваҳоланки, ҳар куни истеъмол қилаётган сувимиз тозалаш сифатини назорат қилишнинг 50 та физик-кимёвий, бактериологик ва гидробиологик кўрсаткичлари аниқлангандан кейин яроқлилиги тасдиқланиб сув таъминоти корхоналари орқали узатилади. Бу борада тизимда фаолият юритаётган лабораторияларнинг ўрни беқиёс.
“Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ корхонаси шаҳар аҳолисининг 97,6 фоизини марказлашган ичимлик сув билан таъминлаб келади. Яқинда корхонанинг кимёвий ва технологик назорат лабораторияси Oʻz DSt ISO IEC 17025: 2019 “Синов ва калибрлаш лабораторияларининг малакалилигига қўйиладиган талаблар” халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан муваффақиятли ўтди.
Шу муносабат билан “Ўзсувтаъминот” АЖда лабораторияга ушбу халқаро стандарт асосида аккредитациядан муваффақиятли ўтганлигини тасдиқловчи махсус сертификат топширилди.
Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, Oʻz DSt ISO IEC 17025: 2019 стандарти бўйича аккредитация “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ ўз фаолиятида юқори сифат стандартларига амал қилаётгани ва ўз олдига қўйилган мақсад ҳамда вазифаларни бажаришга масъулият билан ёндашаётганини исботловчи ҳужжатдир.
“Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида 79 та лаборатория фаолият юритмоқда. Улар куну-тун шаҳар сув таъминоти тармоғига ичимлик сувини етказиб беришдан олдин ва сув тақсимлаш тармоғининг айрим нуқталарида тозалаш босқичларига кўра сув таъминоти манбасида режали лаборатория назоратини амалга оширади. Таҳлил натижалари бутун мамлакат бўйлаб ичимлик сув ва сув манбаларидаги сувнинг санитария-гигиеник мониторингини амалга ошириш учун “WATERLAB” тизимига киритилади.
[gallery-10615]
Масалан, биргина 2022 йилда “Ўзсувтаъминот”АЖ нинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари лабораториялари томонидан 202 075 та намуна олиниб, 2 960 698 та таҳлил ўтказилган. Ичимлик сув сифатини халқаро стандартлар асосида назорат қилиш мақсадида ҳудудий лабораториялар барча зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Жумладан, 2020-2022 йилларда “Ўзсувтаъминот”АЖ томонидан ҳудудий лабораторияларга 442 дона жиҳоз ва 33 минг 152 дона қўшимча ускуналар етказиб берилган.
– Лаборатория аккредитацияси кўплаб афзалликларни беради, – дейди “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ичимлик ва оқова сув сифатини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Ольга Мурашкина. – Аккредитация лаборатория ходимларининг малакаси ҳамда натижалар ишончлилигини оширади. Бу “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖнинг кимё-технологик назорат лабораторияси истеъмолчилар учун ичимлик ва оқова сувлар таркиби сифатини назорат қилиш соҳасида сифатли хизмат кўрсатишини кафолатлашидан далолатдир.
“Ўзсувтаъминот” АЖ ҳудудий сув таъминоти бўлинмалари лабораториялари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ўтган йили 500 дан ортиқ лаборатория ходимининг малакаси оширилди. Жорий йилда эса Тошкент кимё-технология институтида яна 500 нафар ҳудудий лаборатория ходимларининг малакасини ошириш режалаштирилган.
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА