Ичимлик суви таъминоти яхшиланади
Совуқ кунлар эшик қоқмоқда. Кунлар совий бошлаган сайин ҳар соҳада бўлгани каби коммунал тизим тармоқларида ҳам ишлар кўпаяди. Бу ўз навбатида режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, мавжуд носозликларни аниқлаш ва бартараф этишга ундайди.
Маълумотларга кўра, 2023-2024 йили куз-қиш мавсумида Тошкент вилояти бўйича 77 та кўп квартирали уй-жой, иссиқлик манбаи корхоналарининг 13 та қозонхонаси, 50 километр иссиқлик тармоғи, 167,7 километр ичимлик ва оқова сув тармоғи, 169 та насос ускуна, 10,3 минг километр электр тармоғи, 3 минг 142 та трансформатор, 34 та газ қувури, 8 минг 220 та газ тақсимлаш нуқтаси ҳамда 232 та ижтимоий соҳа объекти жорий ва мукаммал таъмирланган.

Бекобод шаҳрида ҳам бу борадаги ишлар режа асосида амалга оширилмоқда. Ҳозир ҳудуддаги мавжуд 35 та маҳалланинг 21 тасида жойлашган 491 та кўп қаватли уйга 7 бошқарув сервис компаниялари томонидан хизмат кўрсатилиб, кўп қаватли уйларнинг фасад қисмларини таъмирлаш ишлари, ертўла қисми, оқова қувурлари ва уй ички қисми муҳандислик тармоқлари, электр тақсимловчи қутилар соз ҳолатга келтирилди.

Хусусан, ичимлик ва оқова сув қувурларини мукаммал таъмирлаш бўйича 2 километр режа қилинган эди. Бугунги кунда мавжуд сув қувурларининг ҳолати ўрганилиб, қайта реконструкция ишлари бажарилди. Жумладан, “Ўзбекистон” ва “Обод турмуш” МФЙларда 700 метр узунликдаги иссиқлик қувурлари янгисига алмаштирилди. Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 2 та қозонхонага янги энерготежамкор қозонлар ўрнатилди.
ФВБ ходимлари ва ҳамкор ташкилот вакиллари билан биргаликда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари, якка тартибдаги уй-жойларнинг ёнғин хавфсизлиги, чақнаш ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида аҳоли яшаш хонадонларида ёнғин хавфсизлиги қайта ўрганилмоқда.

– Ўрганишлар давомида мавжуд муаммолар бартараф қилинмоқда, – дейди Бекобод шаҳар ФВБ бошлиғи Бекзод Шералиев. – Соҳа ходимлари “Нурли йўл”, “Бобур” ва “Ширин” МФЙлар ҳудудидаги 31- ва 32-кўп қаватли уйларнинг ҳовли қисмида ободонлаштириш ишларини амалга оширди ва 27 метр ариқ-лотоклар тозаланди. 13-даҳа 22 сонли кўп қаватли уйнинг ертўла қисмидаги оқова сув қувурларининг ифлосланиши бартараф этилди.
Сўнгги йилларда марказлашган сув таъминоти тизимини ривожлантириш орқали шаҳар ва аҳоли пунктларида сифатли ва хавфсиз ичимлик сувга бўлган эҳтиёжни қондириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 1 минг 25 та маҳаллада яшовчи аҳолининг 74,5 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланган. 25,5 фоиз аҳоли эса, альтернатив ичимлик сув манбаларидан фойдаланади, 3,2 фоиз аҳолига ичимлик сув махсус транспорт воситалари орқали етказиб берилади.

Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Оҳангарон туманидаги Телов маҳалласида 3 та артезиан қудуғ ўрнатилди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард 860 миллион сўм бўлиб, маҳаллага умумий узунлиги 12 километр бўлган сув қувурлари тортилди. “Шодмалик” МФЙда ҳам ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида сув қудуғи кавланиб, сув иншооти ва янги трансформатор ўрнатилди. Кўчалар бўйлаб 9,5 километр узунликда сув қувурлари тортилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,9 миллиард сўмни ташкил этади.
Бироқ олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек, айрим ҳудудларда исрофгарчилик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Масалан, охирги 9 ойда жами 45 миллион 875 минг метр куб сув технологик йўқотилди. Бу каби ҳолатлар Пискент, Бўка туманлари, Нурафшон, Олмалиқ шаҳарларида ҳам кузатилди. Масъуллар томонидан бу каби мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Ҳозир вилоятда жами 6 минг 683,6 километр узунликда ичимлик суви тармоқлари мавжуд бўлиб, шундан 39 фоизи таъмирталаб. Бу каби ҳолатларни эътиборга олиб, жойларда муаммолар бартараф этилишига киришилди.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири