Ичимлик суви таъминоти янада яхшиланмоқда
Риштон туманидаги “Пандигон” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод маҳалла-обод кўча-обод хонадон” мезонлари доирасида 7,5 километр тоза ичимлик суви тармоқлари тортилди.Натижада 4 мингдан ортиқ аҳоли хонадонига оби-ҳаёт кириб борди.
-Бу кунларни ярим асрдан буён орзу қилганмиз,–дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Махсуд Маҳкамов.-Президентимиз ташаббуси билан чекка маҳалла ва қишлоқларда аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган масалалар ечимига бўлган эътибор туфайли қишлоғимиз обод бўлди. Айниқса, тоза ичимлик сув билан таъминлаш йўлида амалга оширилган ишлар аҳоли руҳиятини кўтарди, кўча ва хонадорларга файзу барака киритди.
Пандигон қишлоғи туман марказидан олисда жойлашган. Шу кунга қадар марказлашган тоза ичимлик суви тармоғи йўқ эди. Сув 5-6 чақиримдан ташиб келинган, пулга сотиб олинган. Қиш совуғи, ёз жазирамасида бу масала долзарб муаммога айланган. Қўлбола идишларда сақланган сувлар ўз хусусиятини йўқотиб, турли юқумли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлгани ҳам бор гап.

–Эсимни таниганимдан буён сувни ташиб ичамиз,–дейди хонадон бекаси Шоирахон Тошматова. -Баъзан сув топа олмай, муҳофаза қилинмаган ҳовуз, ариқ, зовурлардан сув ичишга мажбур бўлганмиз. Энди барча қийинчиликлар ортда қолди. Маҳалламиздаги ҳар бир хонадонга сув тармоғи тортиб берилди. Бу билан аёллар, болалар учун жуда катта имконият, қулайликлар яратилди. Бу сувни исроф қилмасдан, ортиқча овворагарчиликларсиз уй юмушларини бажариш, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш имкониятини берди.
Кейинги йилларда Фарғона вилояти аҳолисининг тоза ичимлик сувга бўлган талабини қондириш мақсадида олиб борилаётган истиқболли лойиҳалар кўлами кундан кунга кенгайиб бормоқда. Натижада, ичимлик суви етказиб бериш имкониятлари яхшиланяпти. Ўтган йилнинг ўзида барча дастурлар доирасида 716,3 миллиард сўм ҳисобига 371 та объектда 1 минг 718 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилди. Бунинг ҳисобига 351 дан ортиқ маҳаллалардаги 32 минг нафардан зиёд аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланиб, 240 минг нафардан ортиқ аҳолининг бу борадаги имкониятлари яхшиланди.
-Сўнгги етти йилда вилоят аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси саксон фоиздан ошди,-дейди “Фарғона сув таъминоти” АЖ директори Муроджон Юлдашев.-Асосий эътиборни ичимлик ва оқава сув тизимлари оғир бўлган ҳудудлардаги мавжуд вазиятни яхшилашга қаратганмиз. Шу мақсадда аҳоли пунктларида ичимлик сув қудуқлари қазиш, сув насослари, минора ва трансформаторлар ўрнатиш, зарарсизлантириш ускунлари билан жиҳозлашга эътибор бериб келаяпмиз. Ўтган йилнинг ўзида, 371 та объектда 1 минг 718 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилди. Натижада 351 дан ортиқ маҳаллалардаги 32,1 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, 240 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Жамият томонидан 357 дона сув насослари ҳамда 89,9 километр ичимлик ва оқава сув тармоқлари мукаммал ва жорий таъмирланди.
Президентимизнинг “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Фарғона вилоятида 6 та ичимлик ва оқава сув объектлари учун ажратилган маблағлар ҳисобига 98,2 километр ичимлик ва оқава сув тармоғи ва 15 та сув иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга ошириш режалаштирилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу йўналишларда 42,7 километр ичимлик ва оқава сув тармоғи ва 4 та иншоотларда қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди. Бунинг ҳисобига 40 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди, 6,3 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Бундан ташқари, кейинги икки йилда 1736 километр ичимлик сув тармоғи тортиш ва 375 та иншоот қуриш юзасидан манзилли дастур асосида қурилиш- монтаж ишлари амалга оширилади.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири