Ичан қалъада мақом садолари янгради (+видео)
Миллий гвардия тизимида хизмат қилаётган ҳарбийлар нафақат Ватан ҳимоясидаги маҳоратини, балки миллий санъатга бўлган меҳрини ҳам намоён этди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия тизимида «Энг яхши мақом» ижрочилиги кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.
Иштирокчилар аввал ҳудудий бошқармалар, ҳарбий қисм ва муассасаларда ташкил этилган саралаш босқичларида ўз маҳоратини кўрсатиб, Республика босқичига йўлланма олган.
Энди эса Ичан қалъанинг қадимий деворлари орасида энг сара ижрочилар ўзаро баҳслашди.
Танловда иштирокчиларнинг ижроси ҳакамлар ҳайъати томонидан бир қатор мезонлар асосида баҳоланди. Мақом матни ва мусиқасининг бадиий савияси, ижрочининг овоз ва соз маҳорати, саҳна маданияти ҳамда ижронинг таъсирчанлигига алоҳида этибор қаратилди.
Қадимий урф-одатлар, миллий либослар, халқ куй-қўшиқлари ва ўзига хос саҳна кўринишлари Ичан қалъага янада файз киритди.
Бу манзаралар ҳарбийлар учунгина эмас, Хивага ташриф буюрган сайёҳлар учун ҳам қизиқарли бўлди. Айниқса, миллий санъатимизнинг жонли ижроси хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, фахрли биринчи ўрин Тошкент вилояти вакили, 3-даражали сержант Шоҳруҳ Собировга насиб этди.
Иккинчи ўринни 65921-ҳарбий қисм оддий аскари Муҳаммаджон Набиев эгаллади.
Учинчи ўрин эса Хоразм вилояти вакиллари — капитан Кумуш Йўлдошева ҳамда 3-даражали сержант Раҳима Йўлдошевага берилди.
Танлов ғолиблари ва фаол иштирок этган ҳарбий хизматчилар ташаккурнома, эсдалик ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Н.Раҳмонова,
У.Тўхтаев(монтаж), ЎзА