Пекинда парламентлараро ҳамкорлик ва минтақавий тараққиёт масалаларига эътибор қаратилди
Пекин шаҳрида Марказий Осиё давлатлари парламентлари аъзолари учун қонунчилик органларининг замонавий тараққиёт жараёнларидаги ўрни ҳамда Хитой – Марказий Осиё ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон делегацияси таркибида Олий Мажлис Сенати аъзолари Анвар Тўйчиев ҳамда Жамила Бобоназарова ҳам иштирок этди.
Семинарда сенатор А.Тўйчиев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ, амалий ва прагматик ташқи сиёсат, мамлакатимизнинг халқаро ва минтақавий ташаббуслари ҳамда янги Ўзбекистонни барпо этиш доирасида амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар хусусида атрофлича маълумот берди.
Тадбир доирасида парламентларнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни, давлатлараро келишувларнинг самарали ижросини таъминлаш, парламент назорати механизмларини такомиллаштириш ва қонунчилик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш амалиёти, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантириш ҳамда гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга доир фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашди.

Тадбир доирасида “Давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашинувини мустаҳкамлаш ва юқори сифатли ривожланиш орқали умумий модернизацияни илгари суриш” мавзусида семинар ҳам бўлиб ўтди.
Семинардан кейин Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раиси ўринбосари Шоҳрат Закир ҳамда Марказий Осиё давлатлари парламент делегациялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Парламент аъзолари ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, «Хитой – Марказий Осиё» формати доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА