"IBSA World Games – 2027" Ўзбекистонда ўтказилади
Ўзбекистон халқаро спорт майдонидаги нуфузини яна бир бор мустаҳкамлади. 2027 йил 26 май – 6 июнь кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳри кўзи ожиз ва кўриш қобилияти чекланган спортчилар ўртасидаги энг йирик комплекс мусобақа — IBSA World Games ўйинларига мезбонлик қилади.
Халқаро кўзи ожизлар спорти федерацияси (IBSA) томонидан қабул қилинган мазкур қарор мамлакатимизда инклюзив спортни ривожлантириш, паралимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ҳамда йирик халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг яна бир эътирофи бўлди.
Ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган IBSA World Games дунёнинг турли мамлакатларидан юзлаб спортчилар, мураббийлар, техник расмийлар, классификаторлар, кўнгиллилар ва халқаро спорт ташкилотлари вакилларини бир майдонга жамлайди. Мусобақа нафақат юқори спорт маҳорати намойиши, балки тенг имкониятлар, инклюзивлик ва халқаро ҳамкорлик ғояларини тарғиб этувчи нуфузли спорт анжумани сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.
Эътиборлиси, Тошкент IBSA World Games ўйинларини қабул қилаётган Марказий Осиёдаги биринчи шаҳар сифатида тарихга киради. Мазкур комплекс мусобақанинг сўнгги нашри 2023 йил Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳрида ўтказилган эди.
Тошкентнинг мазкур ўйинларга мезбонлиги мамлакатимизнинг халқаро спорт ҳамжамиятидаги ишончли ҳамкор сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлаб, Ўзбекистонда инклюзив спортни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА